Товоқсой қамоқхонасида маҳкум девор тагида қолиб вафот этди

Тошкент вилоятидаги 7-сон жазони ижро этиш колонияси (архив сурати)

Халқ орасида “Товоқсой қамоқхонаси” деб аталадиган 7-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этди.

Бош прокуратура матбуот хизмати қайдича, жорий йил 11 февраль куни Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев бир қаватли бино деворларини бузаётган вақтда девор қисми қулаган. Оқибатда маҳкум девор остида қолган.

БПга кўра, 1983 йилда туғилган маҳкум дарҳол шифохонага етказилган, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 16 февраль куни шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент махсус прокуратураси тергов олиб бораётгани билдирилган.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) маҳкумнинг вафот этгани ҳолатини назоратга олган.

Бу сўнгги кунларда жазо муассасаларида маҳкумларнинг вафот этиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.

Озодлик аввал хабар қилганидек, куни кеча Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққан.

Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.

Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.

Бир неча йил муқаддам Товоқсойдаги 7-сонли колонияда маҳкум Алишер Якубов эҳтимолий қийноқлар сабаб ўз жонига қасд қилишга урингани маълум.