Ўзбекистонда юриш ва югуришни тарғиб этиш мақсадида очилган “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фойдаланувчиларига шу кунга қадар 43 миллиард 45 миллион 953 минг сўм миқдорида маблағ тўлаб берилган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Мамлакат президенти томонидан ўтган йил октябрида имзоланган Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ равишда ташкил этилган “Соғлом турмуш тарзи” платформасида, вазирлик қайдича, шу кунгача рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 200 мингдан ошган. Бунинг 750 минг нафардан зиёдини эркаклар, 450 минг нафардан кўпроғини аёллар ташкил этади.
Туризм ва спорт вазирлиги ўз хабарномасида ўзбекистонликларни сутка давомида 10 минг қадам ва ундан кўпроқ юриб, қўшимча маблағларни қўлга киритишга чақирган.
Аввалроқ вазирлик “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти ва 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларига пул тўлаш вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ўзи тарқатган хабарга ўзи раддия берган эди.