Туркия Босфор ва Чаноққалъа бўғозларидан ўтиш учун ҳақни беш баравар оширмоқчи

Босфор бўғози

Монтрё конвенцияси бўйича ўзига берилган ҳуқуққа мувофиқ, Туркия Босфор ва Чаноққалъа бўғозларидан сузиб ўтиш учун тўланадиган ҳақни беш баравар оширади. Бу ҳақда Туркиянинг Sabah нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, Туркия 1983 йилда бўғозлардан сузиб ўтиш учун олинадиган йиғимлар бўйича тўлов тизимини бекор қилган. Ҳақ шу кунгача бир Франция франки учун 0,8 доллар курси бўйича тўлаб келинган. Шу йил 7 октябридан эса курс бир франк учун 4 долларни ташкил этади. Франция франки шу кунда муомалада бўлмагани учун Анқара ҳақни турк лирасида қабул қилади.

Ҳозирги кунда Туркия бўғозлардан кемалар ўтишидан йилига 40 миллион доллар даромад топади. Агар янги тартиб йўлга қўйилса, мамлакатнинг бу йўналишдаги йиллик даромади 200 миллион долларгача етади.

1936 йилда имзоланган Монтрё конвенцияси Туркиянинг Босфор ва Чаноққалъа бўғозлари узра суверенитетини тиклаган ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Конвенциянинг 19-моддасига мувофиқ, Туркия урушда иштирок этаётган кемалари учун бўғозларни ёпиб қўйиши мумкин. Фақат қароргоҳига қайтаётган кемаларгина истисно тарзида ўтказиб юборилиши мумкин. Ҳозирда бу тартиб Россия ва Украина кемаларига нисбатан қўлланилмоқда.