Туркия-Эрон чегарасида Афғонистондан қочиб келаётган ўнлаб ноқонуний муҳожир ушланди

Туркиянинг Диёрбакир шаҳрига олиб кетилишини кутиб, йўл ёқасида ётган афғонистонлик ноқонуний муҳожирлар

Туркия расмийлари икки кеча-кундуз мобайнида Эрон билан чегара яқинида 130 нафардан зиёд ноқонуний муҳожир қўлга олинганини маълум қилдилар.

Туркия ИИВ вакилларига кўра, Ван вилоятида 17 июль куни 73 нафар, 18 июль куни эса 59 нафар афғонистонлик ушланган.

Туркия, Афғонистон ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг июнь ойида бўлиб ўтган учрашувида миграция соҳасидаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинганди. Афғонистондан муҳожирлар оқими халқаро коалиция кучларининг бу мамлакатдан чиқиб кетаётгани қабатида кўпайган.

Экспертлар қайдича, 2021 йил январидан бери 270 минг чоғли афғонистонлик асосан хавфсизлик йўқлиги ва зўравонлик туфайли мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчган.

Туркия афғонистонлик муҳожирлар йўл олаётган асосий йўналишлардан бири бўлиб ҳисобланади. Бу мамлакатда асосий қисмини сурияликлар ташкил этган тўрт миллиондан зиёд қочқин яшайди.