Туркия Грецияни ўз самолётларига ҳужум қилганликда айблади

Туркия самолётлари Родос ороли яқинида парвозларни амалга ошираётган эди.

Туркия НАТОнинг яна бир аъзоси ва қўшниси бўлган Грецияни Ўрта Ер денгизининг халқаро ҳаво ҳудудида турк самолётларига ҳаводан ҳимоя тизимлари орқали ҳужум қилганликда айблади.

Туркия Мудофаа вазирлигининг 28 августда билдиришича, ҳужум 23 август куни уюштирилган. Греция Россия ишлаб чиқарган С-300 ракета комплекслари воситасида Туркиянинг F-16 ҳарбий самолётлари радар сигналларини блоклаб қўйган. Турк самолётлари Родос ороли атрофида 10 минг фут тепаликда учаётган бўлган.

Туркия баёнотида қайд этилишича, НАТОнинг жанговар ҳаракатлар тўғрисидаги тартиб-қоидасида радарларнинг сигналларини блоклаш душманлик ҳаракати сифатида баҳоланади.

Греция Мудофаа вазирлиги бу баёнот юзасидан расмий муносабат билдирмади. Грециядаги Ert давлат телеканали эса Мудофаа вазирлигидаги ўз манбасига таянган ҳолда, Афина Анқара айбловларини инкор қилаётганини маълум қилди.

Туркия Грецияни Ўрта Ер денгизи ва Эгей денгизларида ҳарбий самолётларни жамлаётганликда айблаб келади. Анқара Эгей денгизидаги оролларга ҳарбийларнинг жойлаштирилиши Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қабул қилинган шартномаларга зид деб деб ҳисоблайди. Ўз ўрнида Афина Анқарани Грецияга қарашли ороллар устидан ноқонуний учиб ўтаётганликда айблайди.

Греция ва Туркия НАТОга аъзо давлат бўлса-да, бу икки мамлакат ўртасида денгиз ва ҳақо чегаралари юзасидан баҳслар мавжуд.