Туркияда ҳибсга олинган россиялик журналистлар озод қилинди

Туркия президенти ҳузуридаги коммуникация бошқармаси Россиянинг НТВ телеканали журналистлари ҳибсдан озод этилганини тасдиқлади. “Биз хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан қонунларимизга риоя қилиниши муҳимлигини яна бир бор эслатамиз”, деган бошқарма мулозимлари.

Турк матбуотининг хабар қилишича, Россия томони масалани ҳал қилиш бўйича Туркия расмийлари билан ҳамкорлик қилган.

Аввалроқ “Интерфакс” агентлиги 3 декабрь куни Туркияда қўлга олинган журналист Алексей Петрушко ва оператор Иван Малишкин Россияга депортация қилиниши ҳақида хабар қилганди. Агентликнинг НТВ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, телеканал ходимлари Туркиядаги дрон ишлаб чиқарадиган завод яқинида тасвирга олиш ишларини амалга оширмоқчи бўлиб турганларида тутиб кетилганлар.