Туркия Қирғизистонга коронавирусга қарши 150 минг доза вакцинани текинга тақдим этади

Туркия грант асосида Қирғизистонга коронавирусга қарши 150 минг доза вакцина тақдим этади. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Алимқадир Бейшеналиевнинг Туркия элчиси Аҳмет Садиқ Дўғон билан 7 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган учрашувида билдирилган.

Қирғизистон ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув чоғида томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда Қирғизистон-Туркия дўстлиги давлат касалхонасини бошқариш масалаларини муҳокама қилишган.

Бейшеналиев Қирғизистонда тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун кўрсатаётган ёрдами ва моддий-техник базани мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун Туркияга миннатдорчилик билдирган.

Қирғизистон-Туркия дўстлиги касалхонасининг қурилиши 2017 йил март ойида якунланган бўлса-да, муассаса беморларни жорий йилнинг август ойи охиридан қабул қила бошлаган. Орадан ўтган тўрт йил хастахонани бошқариш бўйича икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш масаласини ҳал қилишга сарфланган. Бироқ коронавирус эпидемияси кучайиши манзарасида Туркия ўтган йилнинг март ойи охирида касалхонани Қирғизистон расмийлари тасарруфига топширган ва ўтган йил июнидан бошлаб бу жойда коронавирусга чалинганлар даволаб келинган.

Касалхона 3 йил мобайнида Қирғизистон ва Туркия томонидан биргаликда бошқарилади, бироқ у ерда фақат бошқа стационарлардан йўлланма билан келган беморлар қабул қилинади, холос.

Қирғизистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари шу йил 29 мартидан бошланган. Даставвал одамлар Хитойнинг Sinopharm ва Россиянинг Спутник V вакциналари билан эмланган. 22 июлдан AstraZeneca препарати билан эмлаш йўлга қўйилган. 28 июль куни Қозоғистон Қирғизистонга гуманитар ёрдам сифатида 25 минг доза QazVac вакцинасини тақдим этган.