Туркия Рамзан Қодировнинг яқин сафдоши Адам Делимхановни суиқасдларни уюштиришда гумон қилмоқда

Россия Давлат думаси депутати Адам Делимханов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан (архив сурати)

Туркияда жосуслик ва суиқасдга тайёргарлик кўришда гумон қилиниб, қўлга олинган россияликлар Рамзан Қодировнинг яқин сафдоши ва Давлат думаси депутати Адам Делимхановдан ҳамда тергов тахминича, Қодировнинг Европадаги камида тўрт рақибининг ўлдирилишини ташкил қилган Казбек Дукузов исмли тадбиркордан буйруқ олган. Бу ҳақда Туркия миллий истихборат ташкилоти маълум қилди.

2004 йилда Forbes журнали рус версияси бош муҳаррири Пол Хлебников ўлимида айбланган Казбек Дукузов кейинчалик Россиядан чиқиб кетган ва қидирувга берилган. Оммавий ахборот воситалари унинг 2016 йилда Чеченистонга қайтганини хабар қилишган.

Истанбулда Россиянинг тўрт фуқароси ҳамда Ўзбекистон ва Украина фуқаролари бўлмиш икки киши қўлга олингани ҳақида октябрь ойида маълум бўлганди. Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, улар мамлакатда яшаётган чечен мухолифатчиларини ўлдиришга ҳозирлик кўрган. Тинтув чоғида уларнинг ёнидан бир нечта қурол-аслаҳа топилган.

Турк истихборати гуруҳ Абдулҳаким исмли “чечен мухолифати етакчиларидан бири”га, шунингдек блогер Ҳасан Холидов ҳамда Суриядаги чечен жиҳодчилари қўмондони Рустам Ажиевга суиқасд уюштирмоқчи бўлганини айтмоқда.

Адам Делимханов 2007 йилдан бери Давлат думаси депутати ҳисобланади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бир неча марта уни ўзининг муҳтамал вориси сифатида тилга олган. Айрим маълумотларга кўра, Делимханов Қодиров билан қариндош.

Ҳуқуқбонлар ва мустақил нашрлар уни инсон ҳуқуқларини бузишда ва коррупция жиноятларида бир неча бор айблаган. “Медиазона” эса Делимхановнинг россиялик сиёсатчи ва мухолифат арбоби Борис Немцов ўлимида қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган.