Туркия ТИВ: Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари икки ҳафта ичида учрашиши мумкин

Туркия ташқи ишлар вазири Чавушўғли Украина ташқи ишлар вазири Кулеба билан.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли 31 март куни Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлири Сергей Лавров ҳамда Дмитрий Кулеба билан телефон орқали мулоқот қилди.

“Олий даражадаги, камида вазирлар даражасидаги учрашув бир ёки икки ҳафта ичида ўтказилиши эҳтимол”,-деди Чавушўғли мулофот якунлари юзасидан турк телеканалларига берган интервьюсида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва мазкур учрашувдан бош тортмаслигини, бироқ музокаралар мазмунли бўлиши талаб этилишини расман билдирди.

29 март куни Истанбулда Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтганди. Бу март ойи ўрталаридан бошлаб юзма-юз ўтказилган илк музокара бўлди. Аввалги бир неча учрашув видеоформатда ўтказилганди.