Туркиянинг Анталиясида Украина ва Россия ташқи ишлар вазирлари музокара ўтказади

Туркиянинг Анталия шаҳрида 10 март куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокара ўтказади. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли маълум қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади, аммо музокара кун тартибини очиқламади.

Украина ҳудудий яҳлитлиги ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашини билдириб келаётган Туркия Россия Украинага уруш очганидан бери икки давлат президентлари учрашувини ўтказишга воситачилик қилишга тайёрлигини айтиб келади.

7 март куни Беларусда маҳаллий вақт билан соат 16 (Тошкент вақти билан соат 20)да Россия-Украина музокараларининг 3-раунди ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур музокарада гуманитар масалалар, жумладан, тинч аҳолини эвакуация қилиш муҳокама этилади.