Туркияда 6 февраль куни рўй берган зилзилалар оқибатида қурбон бўлганлар сони 50 минг 96 нафарни, жароҳатланганлар сони эса 107 минг 204 нафарни ташкил этган. Бу ҳақда 20 март куни Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Юнус Сезер маълум қилган.
Мулозимга кўра, вайрон бўлган бинолар техник ҳолати ва қурилиш меъёрларига риоя қилиниши учун у ёки бу даражада масъул бўлган одамлардан 300 дан зиёди ҳибсга олинган. Улар орасида 104 нафар пудратчи, 161 нафар прораб, 15 нафар бино эгаси ҳамда уйларнинг дастлабки конструкциясига ўзгартишлар киритган 18 киши бор.
Бундан бир ярим ой муқаддам Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли ер силкинишлари кузатилган. Минглаб афтершокли зилзилалар мамлакатнинг 11 вилояти ҳамда қўшни давлатлар ҳудудида сезилган. Табиий офат ортидан, хусусан, Сурияда 8 минг 476 киши ҳалок бўлгани айтилган.