Жорий йилнинг 6 февраль куни рўй берган икки зилзила Туркия иқтисодиётига 84 миллиард доллардан кўпроқ ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизи даражасида зиён етказган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар қилди.
Агентлик ер қимирлаши оқибатида бинолар вайрон бўлганидан кўрилган зарарни қарийб 71 миллиард долларга баҳолаган. Бундан ташқари, зилзила туфайли Туркия бюджетига 10,4 миллиард доллар даромаддан маҳрум бўлади. Bloomberg ҳисоб-китобига кўра, ишчи кучи бўйича кўрилган зиён 3 миллиард долларга етиши мумкин.
Аввалроқ Fitch рейтинг агентлиги Туркиянинг ер силкинишларидан кўрган зарарини 4 миллиард долларга баҳолаган эди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон зилзила оқибатларини бартараф қилиш учун 5 миллиард доллар ажратилишини ваъда қилган эди.
Ўтган душанба тонгида Туркияда рўй берган 7.7 ва 7.6 балли кучли ер силкинишлари натижасида 10 та вилоятда нобуд бўлганлар сони, AFADнинг сўнгги маълумотларига кўра, 31 минг 643 кишига етган. Зилзила ҳудудидан 158 мингдан зиёд киши эвакуация қилинган.