Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳаммедов “тарбиялаган Ахалтекин отига” ҳайкал ўрнатилади

Туркманлар Акхан отини ўринларидан турган ҳолда гулдурос олқишлар билан кутиб олмоқда.

Туркманистоннинг амалдаги президенти Сердар Бердимуҳаммдов ҳокимиятни ўзига топшириб кетган отаси – собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов “тарбиялаган Ахалтекин зотидан бўлган Акхан лақабли отга” ҳайкал ўрнатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Туркманистон ҳукуматига тегишли “Нейтральний Туркменистан” газетасининг 22 майда хабар беришича, айни пайтдаТуркманистон президенти от комплексида парваришланаётган Акхан лақабли отнинг ҳайкали Ахал вилояти ҳудудида ўрнатилади.

Фармонга асосан ҳайкални ўрнатиш жараёни шу ойда бошланиб, 2022 йилнинг декабрида якунланиши лозим.

Қароргоҳи Москвада жойлашган Turkmenportal нашри эса “Акхан лақабли отни собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шахсан ўзи тарбиялагани”ни қўшимча қилди.

“2018 йилда Акхан рекорд ўрнатгани ортидан бутун дунёга машҳур бўлиб кетди. У орқа оёқда туриб 4,19 секундда 10 метрни босиб ўтди. Бу ютуқ Гиннес рекордлар китобида қайд этилди. Бундан бир йил аввал эса Акханга минган чавандоз Ашхлбодда ўтган Ёпиқ бинолардаги ва жанговар йўналишлар бўйича V Осиё ўйинлари машъалини ёқиб берган”,-дейилади хабарда.

Туркманистонда бундан аввал ҳам отларга ва итларга ҳайкал қўйилган. Жумладан, 2013 йил апрелида Капетдоғ водийсида Ахалтекин зотли Пўлатли отига, 2014 йилда Ашхободда Янардағ лақабли от шарафига ҳайкаллар ўрнатилган. Янардағ тасвири Туркманистон гербидан ўрин олган.

2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрелнинг сўнгги якшанбасида Ахалтекин оти куни ва Алабай ити байрами бирга нишонланади.

Мамлакатда Алабай итларига ҳам, итбоқарларга ҳам алоҳида эътибор билан қаралади. 2020 йил 10 ноябрида Ашхободда Алабайга улкан олтин ҳайкал ўрнатилганди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Туркманистон президенти Алабайга олтин ҳайкал ўрнатди

Президент Бердимуҳамедовнинг ўзи Алабайлар ҳақида китоблар ёзган, ушбу ит зотига шеър ва қўшиқлар бағишлаган. Мамлакат оммавий ахборот воситалари президентнинг “Туркман Алабайи” китоби “халқ ҳаёти ва тақдирида муҳим роль ўйнайди” деган фикрни илгари суриб келади.

2021 йилнинг мартида Туркманистонда “Хизмат кўрсатган итбоқар” ва “Халқ итбоқари” фахрий унвонлари мамлакат парламенти томонидан таъсис этилган.

Ўша пайтда Туркманистон президенти бўлиб турган Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғли, бош вазир ўринбосари, Олий назорат палатаси раиси ҳамда “Туркман алабайлари” халқаро ассоциацияси раҳбари Сардор Бердимуҳамедовга 2021 йилнинг 21 апрелида “Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар” унвонини берган эди.

Туркманистонда 2022 йилнинг 12 март куни бўлиб ўтган президентлик сайловида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 40 ёшдаги ўғли Сердар Бердимуҳамедов расман сайловчиларнинг 72,97 фоизи овозини олгани ва “ўзи билан рақобат қилган 8 номзод устидан ғалаба қилгани” билдирилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Сердар Бердимуҳамедовни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклаган энг биринчи президент бўлди.