Туркманистон: Собиқ сиёсий маҳкум Гелди Каризов президентликка номзодини қўймоқчи

Гелди Каризов

Собиқ сиёсий маҳкум Гелди Каризов Туркманистон президенти сайловида ўз номзодини қўйишга қарор қилди. Унинг видеомурожаати “Туркманистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари” инсон ҳақлари ташкилоти сайтида ёйинланди.

Каризовга кўра, Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор президентликка даъвогар бўлганидан сўнг у шундай қарорга келган.

Мухолифатчи, ўзининг айтишича, “президентнинг боласи, худди фиръавнлар авлоди каби, сулолавий шаклда” мамлакатни бошқаришга чоғланганидан ғазабланган.

“Улар амалда бир йилдан ортиқ вақтдан бери давлатни бирга бошқариб келишяпти, ҳар бирининг ўз саройи ва “Боинг” учоғи бор. Яъни улар давлатни буткул ўзлариники қилиб олганлар. Биз буларни кўриб турибмиз, бироқ, афсуски, аҳолимизнинг аксарияти ўз кўзларига ишонмаяпти, бўлаётган воқеаларни на идрок эта олади, на ҳис этади”, деган Каризов.

Президентлика номзод сайловчиларга мурожаат қиларкан, мустабид тузумни мағлуб этиш учун уларни бирлашишга чақирган.

Гелди Каризов туркман йилқичиси бўлиб, ахалтака зотли отларни сақлаб қолиш билан шуғулланади. Сапармурод Ниёзов даврида у йилқичилик вазири лавозимида ишлаган. 2002 йилда у мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда ва от контрабандасида айбланиб, олти йилга қамалган.

Ҳуқуқбонлар Каризов ишини сохталаштирилган, деб ҳисоблашади. Йилқичи беш йилдан ортиқ қамоқда бўлган, қийноққа солинган. 2007 йилда янги президент Бердимуҳамедов уни афв этган, бироқ унга мамлакатдан чиқиш тақиқланган. 2015 йилдагина Каризов халқаро ташкилотлар кўмагида оиласи билан бирга хорижга чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Туркманистонда муддатидан олдинги президент сайлови жорий йилнинг 12 мартига белгиланган.

Президентликка асосий номзод экани айтилаётган Сардор Бердимуҳамедов ўтган йил сентябрида 40 ёшга тўлган. Роппа-роса бир йил аввал у мансаб пиллапояларидан шиддат билан кўтарила бошлаган – президент отаси уни бош вазир ўринбосари ва яна бир неча муҳим ҳукумат лавозимларига тайинлаган.