Украина омбудсмени: Уруш давомида 400 минг украиналик Россияга куч билан олиб кетилган

Украина омбудсмени Людмила Денисова

Қарийб 400 минг нафар украиналик уруш чоғида куч билан Россияга олиб кетилган. Бу ҳақда Euronews телеканалига берган интервьюсида Украина Олий Радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Людмила Денисова маълум қилди.

Уруш шароитида ҳатто расмийларнинг баёнотларини ҳам қисқа фурсат ичида тасдиқлаш ёки рад этиш мушкул.

“Фуқароларимиз бизнинг ҳудуддан уларнинг ҳудудига депортация қилинган. Улар ўз ихтиёри билан кетишмаган, балки мажбуран дастлаб Донетчинадаги саралаш лагерига, у ердан эса автобусларда Россияга жўнатилган. Россияда уларни турли ҳудудларга, жумладан Сахалин каби депрессив минтақаларга тарқатишяпти”, деган Украина омбудсмени.

Денисова Россия қўшинлари қамалда ушлаб турган Мариуполь шаҳри тинч аҳолисининг талафотлари ҳақида ҳам сўзлаган:

“Мариуполда вазият ҳануз оғир. Шаҳар вайрон бўлган. Турар-жой биноларининг 90 фоизи бомбаланган. Тахминан 20 минг фуқаро нобуд бўлди”, дея маълум қилган у.

Унга кўра, урушнинг бир ойи мобайнида “битта ҳам яшовчан гуманитар йўлак” очилмаган.

Россиянинг давлатга қарашли РИА Новости агентлиги айирмачи “ДХР” ва “ЛХР”дан, шунингдек Украина назоратидаги ҳудудлардан Россияга 529 минг киши, жумладан 107 минг бола қочқин бўлиб келгани ҳақида хабар қилган. Агентлик Россия босқини бошланган 24 февралга қадар “ДХР” ва “ЛХР”дан эвакуация қилинганлар ҳам шу ҳисобдами, йўқми – бунга аниқлик киритган эмас.

БМТ маълумотига кўра, Россия Украинага ҳужум қилиши натижасида қарийб 10 миллион киши қочқинга айланган, шундан 4 миллионга яқини чет элга, аксарияти – Ғарб мамлакатларига чиқиб кетган.