Украина суди фуқарони ўлдирган рус ҳарбийсига берилган жазони енгиллатди

Вадим Шишмарин Киев судида.

Киев аппеляция суди Россия ҳарбийси Вадим Шишмаринга берилган жазони енгилатди. Шишмаринга аввалги суд инстанцияси белгилаган умрбод қамоқ жазоси 15 йиллик қамоқ билан алмаштирилди.

21 ёшли Шишмарин май ойида Киев суди томонидан Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси (“Уруш қонунлари ва тартибларини бузиш”) асосида айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Судда сержант Вадим Шишмарин 2022 йилнинг 28 февралида Сумск вилоятининг Чупаховка посёлкасида велосипедда мобил телефонида гаплашиб кетаётган 62 ёшли фуқарони бошидан отиб ўлдирганини тан олган эди.

Шишмарин Украинада тинч аҳоли вакилини ўлдиргани учун судланган илк Россия аскари бўлди.

Россия армияси Киев вилоятининг айрим туманларини бир ой – февраль ойи охиридан март ойи охирларига қадар ишғол этиб турган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига мувофиқ, бу вақт мобайнида 1200 нафардан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

2 апрелда Киев вилояти Россия босқинидан озод қилингач, қатор шаҳар ва қишлоқларда тинч аҳолининг жасадлари топилган. Буча шаҳрида камида 400 киши оммавий қатл қилингани тасдиқланди.

Москва эса Украинада тинч аҳоли қатлиом қилинганини, Россия ҳарбийлари фуқаровий инфраструктурани вайрон қилаётганига оид айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Россия ҳарбийлари тинч аҳолини қатлиом қилаётганига оид ҳужжат ва далиллар сунъий йўлдошлардан ҳамда видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар воситасида тасдиқланган.