БМТ Украинанинг 30 шаҳрида тинч аҳоли ўлдирилганини тасдиқлади

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси мониторинг хизмати Украинадаги урушда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ҳисоботни 29 июнь куни эълон қилди. Ҳисоботда 24 февралдан 15 майгача бўлган давр қамраб олинган.

Мазкур давр мобайнида БМТ экспертлари Украинада тинч аҳолидан 3924 киши ҳалок бўгани ва 4444 киши яраланганини аниқлаган. Ҳисоботда қурбонлар сони бундан кўпроқ экани, ҳисоботга фақат тасдиқлашга мувофиқ бўлинган рақамлар киритилгани қайд этилади.

БМТ экспертларига кўра, Украинанинг 30 та шаҳрида берилган қурбонлар учун Россия томони масъул экани таҳмин қилинади. Жумладан, Россия ҳарбийлари томонидан қочқинлар кетаётган автомобиллар ўққа тутилган.

“Биргина Буча шаҳрида Россия уни назорат қилиб турган пайтда 50 киши ўлдирилгани тасдиқланди”,-дейилади ҳисоботда.

БМТ, шунингдек, 108 та жинсий зўравонлик ҳолатлари тасдиқланганини, улардан 78 таси бевосита жинсий зўрлаш эканини билдирди. 23 ҳолатда гуруҳ бўлиб зўрлаш, қийноққа солиш ҳолатлари содир этилган. Зўрланганлар орасида эркаклар ҳам бор.

Жинсий зўрлашларнинг 87 таси Россия ҳарбийлари томонидан амалга оширилгани тасдиқланди. Айни пайтда Украина ҳарбийлари, ҳудудий мудофаа бўлинмалари ва украин ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ҳам жинсий зўрлаш ҳолатлари бўлган.

Ҳисоботда ҳар икки томонда ҳарбий асирларга ноинсоний муносабатда бўлингани, судсиз қатллар, қийноқлар содир этилгани ва тегишли даражада тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳам қайд этилган.

Ҳарбий ҳаракатлар натижасида 182 та тиббиёт ва 230 та ўқув муассасаси вайрон этилган. БМТ экспертлари Россия босиб олган ҳудудларда одамларни ўғирлаш ҳолатлари кўпайганидан ташвиш билдирган. Экспертлар Россия босиб олган ҳудудларда 248 киши ўғирлангани тасдиқланганини, улардан 6 нафари (бир аёл ва беш эркак) ўлик ҳолда топилганини маълум қилди.

Мониторинг хизмати Украина ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан 12 киши ўғирланганини ҳам таъкидлаган.

БМТнинг билдиришича, июнь ойи охирига келиб Украинада тинч аҳолидан 4731 нафари ҳалок бўлган, 5900 киши яраланган. Ҳалок бўлганлар орасида 289 нафари болалардир.