Украина россияликлар қатл этган асир шахсини маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский 12 март куни Александр Мациевскийга Қаҳрамон унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Якшанба куни Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) "Слава Украине" деганидан кейин отиб ташланган маҳбус аскарнинг шахсини аниқлади.

УХХ маълумотларига кўра, аскар Чернигов вилояти ҳудудий мудофааси 119-алоҳида бригадасининг 163-батальони снайпери Александр Мациевскийдир.

Хавфсизлик хизмати марҳумнинг қариндошлари ва сафдошлари билан мулоқот қилиш, шунингдек, фото ва видео материалларни қайта ишлашни ўз ичига олган комплекс тергов ҳаракатларидан сўнг, қаҳрамон ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Александр Мациевский март ойида ҳарбий хизматга чақирилган. Декабрь ойи охиридан бери у Донецк вилоятидаги Красная Гора қишлоғи яқинида бедарак йўқолган. Разведка хизмати маълумотларига кўра, у 30 декабрь куни отиб ташланган. Февраль ойида унинг жасади Украинага қайтарилган.

Украина президенти Владимир Зеленский 12 март куни Александр Мациевскийга Қаҳрамон унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ижтимоий тармоқларда 6 март куни украиналик ҳарбий асирнинг рус аскарлари томонидан қатл этилгани акс этган видео тарқалди. Украина воқеани ҳарбий жиноят деб атади ва халқаро тергов ўтказишга чақирди. Россия томони ҳозирча видеога изоҳ бермади.