Украинада 27 ноябрдаги пўртана оқибатида 10 киши ҳалок бўлди ва 23 киши, жумладан, икки нафар бола жароҳатланди. Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири Игорь Клименко маълум қилди.
Унга кўра, Одесса вилоятида беш киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган. Қутқарувчилар 2498 кишига, жумладан, 162 болага ёрдам кўрсатган.
Николаев вилоятида икки киши ўлган ва икки киши жароҳатланган. Қолган қурбонлар ва жабрланганлар Ҳарьков ва Киев турғунларидир.
Пўртана оқибатида Николаев ва Кировоградда вилоят миқёсидаги 8 та автомобил йўли ёпилди. 28 ноябрь ҳолатига кўра, Украинанинг 11 та вилоятида 411 та аҳоли пункти электр энергияси таъминотидан узилиб қолди. Қутқарувчилар 1530 та транспорт воситасини қор остидан олиб чиққан.
27 ноябрда Россия томонидан аннексия қилинган Қримда бир неча кундан бери ёғаётган жала ва пўртана оқибатида беш юз мингга яқин аҳоли электр таъминотидан узилиб қолгани хабар қилинганди. “Интерфакс”нинг хабар беришича, пўртана секундига 40 метр тезликда эсмоқда.
Украинанинг УНИАН ахборот агентлиги турли манбаларга таянган ҳолда бу ярим оролга “ҳужум қилган аср пўртанаси” бўлиши ҳақида ёзди.