Украинада чегарадан ноқонуний ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар қўлга олинди

Украина-Россия чегарасидаги украиналик ҳарбийлар

Украинада ҳарбийлар чегарадан ноқонуний ўтишга уринган беш нафар ўзбекистонликни қўлга олинган. Бу ҳақда Украина Давлат чегара хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур ҳодиса 28 декабрь куни рўй берган. Қайд этилишича, Россияга кириши тақиқланган ўзбекистонликлар тегишли назорат-ўтказиш масканини айланиб ўтган ҳолда мамлакатга кириб кетмоқчи бўлишган.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан Украина Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 204-1-моддаси 2-қисми (Украина давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ёки ноқонуний ўтишга уриниш) бўйича баённома тузилган.

Чегарада қўлга олинган ўзбекистонликлар маъмурий жазони олганларидан кейин ватанларига депортация қилиниши айтилмоқда.

Россияда шу йилнинг 29 декабридан мамлакатга кираётган меҳнат муҳожирлари учун қатор талаблар (дактилоскопия, суратга олиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва ш.к.) жорий қилинган.