Қозоғистон суди Украинадаги Россия агрессияси жабрдийдаларига кўмак фондини ёпди

Атирау вилоят ихтисослашган туманлараро иқтисодий суди "Слава Україні" фондини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Мазкур фонд Украинадаги Россия агрессияси жабрдийдаларига кўмак кўрсатар эди. Бу ҳақда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси маълум қилди.

Фонд фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор ноябрда чиқарилган, лекин бу ҳақда бугунга келиб маълум бўлган.

Атирау вилоят адлия департаменти "Слава Україні" фондини давлат рўйхатидан ўтказганидан сўнг 15 кун ўтиб, фондни ноқонуний деб топиш ва унинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисида судга мурожаат қилган.

Адлия департаменти бунга фонд устави «Қозоғистон қонунчилиги меъёрларига зид келиши»ни сабаб қилиб кўрсатган.

Фонд раиси Турарбек Кусаиновнинг айтишича, "Слава Україні" қисқа вақт ичида Украинага 5 миллион тенге ($10 800) миқдорида гуманитар ёрдам жўнатишга муваффақ бўлган. Кусаиновнинг айтишича, фонд Россия талаби билан ёпилган.

Қозоғистонда Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи бир қатор фондлар ва волонтёрлик ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.