Украинанинг Изюм шаҳрида 440 киши кўмилган янги қабристон топилди

Украинанинг Харьков вилоятидаги Изюм шаҳрида Россия армияси чекинганидан кейин 440 киши кўмилган қабристон топилган. Бу ҳақда Sky News Харьков вилоят полицияси Тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Болвинов сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозим жасадларнинг ҳаммаси эксгумация қилиниб, суд-тиббий экспертизага жўнатилишини билдирган.

Озодликнинг Current Time лойиҳаси Изюм яқинидаги ўрмонда топилган мозористон фотосуратларини ёйинлади. Украиналик журналистлардан олинган бу фотосуратларда Россия қўшинлари бир неча ой ишғол қилиб турган ҳудуддаги қабрлар акс этган.

Мозорлардан айримлари устида гулчамбарлар бор. Қабрлар устига ўрнатилган хочларда “Украина Қуролли кучлари, 17 киши, ўликхонадан” (ВСУ, 17 человек, с морга), “345”, “412” каби ёзувларни ўқиш мумкин.