Муфтият: Умра сафари 22 январдан бошланади

Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун илк рейс 22 январь куни амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати маълум қилди.

Шундан сўнг 25 январь ва 28 январда Умрага яна иккита самолёт учади. Муфтият келгусида Умрага рейслар сони кўпайтирилиши ҳақида билдирди.

“Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади”,-дейилади хабарда.

2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 миллион 770 минг сўм тўлашлари лозим бўлади.

Умрага борувчилар коронавирусга қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим.

Агар зиёратчи бундан аввал Россиянинг “Спутник V” ёки Ўзбекистон-Хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган бўлса, у ҳолда юқорида саналган вакциналаридан бири билан 1 марта эмланиши кифоя қилади.