Бош вазир муовини Умурзоқов Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгаши раиси этиб сайланди

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи бошқарувчилари кенгаши раиси этиб сайланган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, ўзбек мулозимининг ИТБ олий бошқарув органи раҳбари лавозимига сайланиши Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилмоқда.

Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1974 йилда Саудия Арабистони пойтахти Жидда шаҳрида ташкил этилган бўлиб, ўз ичига Ислом тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси, Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси ҳамда Ислом тадқиқот ва таълим институти кабиларни олган.

Иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инфратузилмавий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришдир мазкур банк фаолиятининг асосий йўналиши бўлиб ҳисобланади.

Бош вазир ўринбосари С. Умурзоқов 2020 йил октябрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувчилари кенгаши раис ўринбосари лавозимига сайланганди.