Кремль матбуот котибининг ва бош вазирнинг ўғли сафарбарлик доирасида армияга бормоқчи эмас

Youtibeдаги “Популярная политика” канали бошловчилари Россия олий мансабдорларига яқин бўлган шахслар билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларнинг сафарбарлик доирасида армияга бориш ёки бормасликлари билан қизиқди, деб ёзди Озодлик радиоси рус хизмати 21 сентябрь куни.

Канал бошловчилари ўзларини военкомат ходимлари сифатида таништиришган ва суҳбатдошларига сафарбарлик доирасида чақирув пунктларига етиб келишни таклиф қилишган.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ўғли сифатида тақдим этилган Николай исмли шахс военкоматга келишдан бош тортди.

“Агар сиз мен жаноб Песков эканимни билсангиз, менинг у ерга боришим унча тўғри бўлмаслигини тушуниб етишингиз керак”,-деган Николай масалани “юқорироқ даражада ҳал этишга” ваъда берди.

Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг ўғли сифатида таништирилган абонент Алексей Мишустин Иқтисодиёт олий мактаби магистратурасида ўқиётгани учун сафарбарликка жалб қилишдан озод этилганини айтди. У мулоқот давомида урушда иштирок этиш нияти йўқлигини, у ўқишини давом эттириш истагида эканини билдирди.

Росгвардия раҳбари Виктор Золотовнинг набираси сифатида тақдим этилган Артём Чечихин армияда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганини, бироқ урушга бориш учун шартномани имзолашга тайёр эмаслигини айтди.

«Единая Россия» партиясидан Дума депутати Дмитрий Саблиннинг ўғли экани айтилган Антон Саблин военкоматга келишга ва урушга боришга тайёрлигини билдирди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков “Популярная политика” канали бошловчилари билан мулоқот қилган шахс ўғли эканини инкор қилмади. Аммо у ўғли Николай «бирдан бир тўғри танлов»дан бош тортганига ишонмаслигини, бошловчилар унинг сўзларини контекстдан юлиб олганини айтди.

Россия президенти 21 сентябрда мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди. Сафарбарлик доирасида армияга захирадаги 300 минг киши чақирилади.