2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамаси 5 декабрь куни қабул қилган қарор билан электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахснинг оёғига тақилади. Электрон браслетни жазо тайинланган шахснинг оёғига тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
Туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тўғрисидаги қарори “Электрон браслет” ахборот тизимида расмийлаштирилади.
Электрон браслетни қуйидаги шахсларга қўллаш мумкин эмас:
• 18 ёшга тўлмаган шахслар;
• ҳомиладор аёллар;
• 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
• I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
• тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган, кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги бўлган шахслар).
Тегишли жазо ўтаётган шахс электрон браслетга қасддан шикаст етказган ҳолларда моддий зарар ўша шахс томонидан қопланади.
Ҳуқуқ идораларига кўра, электрон браслетнинг визуал сигнали ишга тушган тақдирда жамоат хавфсизлиги хизмати ходими профилактика инспектори билан биргаликда уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланган шахснинг электрон браслетни ечишга, унга шикаст етказишга ёки қочишга бўлган уринишларини бартараф этиш, жазо ўтаётган шахс қочган тақдирда, уни ушлашга қаратилган чораларни кўради.
Ўзбекистонда пробация хизмати электрон браслет қўллаш амалиётига 2020 йилда ўтиши маълум қилинган, аммо бу муддат ортга сурилган эди.