Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:06

Ўзбекистон хабарлари

2020 йилда маҳкумлар электрон браслет тақиб юришга ўтади

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистондаги жазони ижро этиш колонияларида сақланаëтган маҳкумлар учун электрон браслет тақиб юриш дастури амалга оширилади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Telegram канали хабар тарқатди.

Бу жараëн¸ расмий хабарга кўра¸ озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади.

2020 йилда озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларини видеокузатув мосламалари ва шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) билан жиҳозлаш ҳамда Пробация хизмати амалиётига электрон браслетларни татбиқ этиш дастури тасдиқланди.

Унга кўра, 18 та жазони ижро этиш колонияларида 1 833 дона видеокузатув мосламаси ва 36 комплект шахсий видеорегистраторлар (боди-камералар) ўрнатилади. Шунингдек, Пробация хизмати амалиётига жорий йилда 3 минг дона электрон браслет татбиқ этилади”¸ дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Тасдиқланган Низомга мувофиқ, жазони ижро этиш колониялари, тарбия колониялари¸ турмалар ва маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхоналар жазони ижро этиш муассасалари саналади.

Кун янгиликлари

Алишер Навоий ордени ва ижод мактаби таъсис этилади

Алишер Навоийга Беларус пойтахти Минскда ўрнатилган ёдгорлик.

Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади ва унинг номидаги орден таъсис этилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни 19 октябрда имзолади.


Қарорга асосан, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади.


Алишер Навоий тжодтнт ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади.


Қарорда Алишер Навоийнинг хорижий давлатларда сақланаётган қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш ҳам белгилаб қўйилди.


Тошкент шаҳрида 2021 йилда Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади. 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади.


2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Коронавирусдан ўлганлар сони 530дан ошди

19 октябрь куни мамлакатда 304 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 316 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар кўрсаткичи расман 531 нафарга етди.


Бундан ташқари 19 октябрь куни мамлакатда 304 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 316 нафар бемор тузалди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 63607 нафар бемордан 60717 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 359 нафар бемордан 308 нафари оғир, 91 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Кейинги йили Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун 3 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда 2021 йили соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм (ёки 1,9 миллиард доллардан кўпроқ), шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм (тақрибан 290 миллион доллар) ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм (тақрибан 174 миллион доллар) ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда 19 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев йиғилишда келгуси йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, кейинги йилда илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.

Йиғилишда пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилаётгани урғуланган. Жумладан, кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилиши, мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилган.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши белгиланган. Шунингдек, 2021 йилда чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун бюджетдан биринчи маротаба 30 миллиард сўм (тақрибан 2,9 миллион доллар) ажратилиши белгиланган. Мутасаддиларга бу борада янги тартиб ва рўйхатлар ишлаб чиқиш топширилган.

Чегараолди ҳудудида тўнғиз отган мулозимлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни ҳарбий қисм чегарачилари билан ўтказилган Экологик назорат тадбири давомида 8 нафар фуқаро Хоразм вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош Тупроққалъа туманининг чегара олди ҳудудида тунги соат 02.00 ларда чегараолди ҳудудида юриш тартибини ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиб, бир дона ёввойи тўнғизни отиб ўлдирганлари ва ов қилиш мақсадида юрганлари аниқланган. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарлардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд идораларига тақдим этилиши билдирилган.

Sof.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, ҳуқуқбузарлардан бири туман ҳокимининг ўринбосари, яна бири ИИБ масъул ходими, қолганлари тадбиркорлар бўлганини ёзган.

АҚШ долларининг расмий курси 12 ҳафтадан буён кўтарилишда давом этмоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 20 октябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 7 сўм 28 тийинга қимматлаб, 10 минг 371 сўм 76 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 24 сўм 80 тийинга ошиб, 10 минг 364 сўм 48 тийин бўлган эди). Бу Ўзбекистонда АҚШ валютаси расмий курсининг кетма-кетига 12-ҳафта ошишидир.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 101 сўм 33 тийинга пасайиб, 12 минг 153 сўм 63 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 144 сўм 9 тийинга ошиб, 12 минг 254 сўм 96 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов вафот этди

Аъзамхон Баҳромов.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов 60 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Расмийлар Газета.uz нашрига ўлим сабаби ССВ томонидан текширилганидан сўнг аниқланишини айтганлар.

Аъзамхон Баҳромов 1960 йил 12 январида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. У 1986 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатган.

А. Баҳромов Каттақўрғон туманини 2017 йилдан бери бошқариб келаётган эди. Бунгача у Қўшработ туманини бошқарган, шунингдек, Тошкентдаги “Элит Фаворит” хусусий корхонасида директор маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Маълумотларга кўра, у бир муддат Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини ҳам бажариб турган.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, Аъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида дафн этилади.

Ангорда автоавария оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлди

Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодисалари кўрсаткичи юқори бўлган давлатлар қаторига киради.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида Нексия-3 автомашинаси аварияга учраши оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди.


Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг (ЙҲХББ) маълум қилишича, 18 октябрь куни соат 23:00да Ангор тумани “Қорабоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1433 километрида 1993 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида Нексия-3 русумли автомашина йўл ёқасидаги каналга тушиб кетган.


ЙҲХББнинг билдиришича, каналга тушиб кетган машинада ёнғин келиб чиққан. Оқибатда ҳайдовчи И.И., унинг 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ф.А., ҳамда вояга етмаган фарзандлари 2016 йилда туғилган С.Ў., ва 2017 йилда туғилган С.И., лар оғир даражадаги тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.


“Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 19 октябрь куни Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.


Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодислари кўрсаткичи юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1293 та ўлим ҳолати қайд этилган.


Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, мазкур нохуш ҳодисалар натижасида жами 3886 нафар киши тан жароҳати олган. Ўтган 9 ой ичида 4294 та ЙТҲ содир бўлган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев президент Тошкентда унга уй ҳадя қилганини билдирди (ВИДЕО)

Бобомурод Абдуллаевни шу йилнинг 8 август куни Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан Бишкекда ушлаган эди.

Журналист Бобомурод Абдуллаевга Тошкент шаҳрида уч хонали квартира ҳадя қилинди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи 18 октябрь куни Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Бобомурод Абдуллаевнинг ёзишича, квартира унга президент Шавкат Мирзиёев номидан топширилган.


«Шу йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев менга Тошкентдаги Green Park турар жой мажмуасидан янги уч хонали квартирани ичидаги барча жиҳоз ва маиший техникаси билан бирга ҳадя қилдилар. Бу уйга 5 октябрь куни кўчиб ўтдик. Бугун Хоразмдан онам келдилар ва Президент ҳадя қилган янги уйни ўз кўзлари билан кўрдилар. Алҳамдулиллаҳ! Президент Шавкат Мирзиёевга катта раҳмат! Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!» деб ёзди журналист.


Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бобомурод Абдуллаевни шу йилнинг 8 август куни Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан Бишкекда ушлаган ва 22 август куни Ўзбекистонга топширганди.


22 август куни Тошкентда ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан Абдуллаев қўйиб юборилди.


Аммо унга қарши иш ҳали ёпилмаган. Ўзбекистон шу пайтгача журналистнинг нимада айбланаётгани тафсилотларига расман ойдинлик киритмаган.

Абдуллаевга қўйилган айбловларнинг мазмун-моҳияти мавҳум қолмоқда.


Журналистнинг ўзи ҳали Бишкекда қўлга олинган пайт, уни "Қора Мерган" тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзаётганликда айблаётганликларини таъкидлаганди.


Бобомурод Абдуллаев бу айловларни кескин рад этган.


Бобомурод Абдуллаев 2017 йилда ҳам Ўзбекистонда конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш жиноятида гумон қилиниб, қамоққа олинган эди, 2018 йил май ойида эса суд залидан озод этилган эди.

Ижтимоий тармоқ: Зангиота касалхонасида коронавирусдан ўлганлар жасадини олиб кетиш муаммога айланди (ВИДЕО)

Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов Зангиота туманидаги махсус шифохонани президентга тақдим қилмоқда, 29 май, 2020

Зангиотадаги коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси ўликхонасидан вафот этган қариндошларини олиб кетиш учун одамлар бир неча кунлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Маҳаллий нашрлар бу борада ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеога таянган ҳолда 18 октябрь куни хабар берди.


“Видеода фуқаролар улар билан мулоқотга чиққан шифохона масъулига қарата «майит ювувчиларни кўпайтириш»ни талаб қилаётгани, масъул ходим эса «қўлида бўлганида, ювувчиларни кўпайтириб қўйган бўлиши»ни айтаётганини кўриш мумкин. Айни вақтда дарвоза олдидаги масъуллардан бири фуқароларга «юқорироқ жойга мурожаат қилиш»ни тавсия этган”,-деб изоҳлаган видеони “Дарё”нашри.


“Хабар” нашри эса: “Бундай манзаралар ковиддан вафот этаётганларга оид расмий статистикага нисбатан асосли шубҳа туғдириши аниқ”,-деб ёзди.


Хабарларда айтилишича, ушбу видеоёзув юзасидан ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки бошқа мутасадди ташкилотлар муносабат билдирмади.


Озодлик радиоси 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хожибоев Зангиотадаги шифохонада ўтказган йиғилиш аудиоси ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳақида хабар берган эди.


Аудиоёзувда вазир ўринбосари “Кислород давлениеси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўляпти”,- деб айтган ва “Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз",-деб таҳдид қилган эди.

Коронавирусга чалинганлар сони 63 мингдан ошди

18 октябрь куни мамлакатда 308 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 19 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Ўзбекистонда коронавирусга чалинган уч нафар бемор вафот этди. Бу билан ўлганлар сони расман 527 нафарга етди.


Вазирлик 18 октябрь куни мамлакатда 308 ҳолатда касаллик қайд этилгани ва 321 нафар бемор тузалгани ҳақида маълум қилди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 63303 нафар бемордан 60401нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 375 нафар бемордан 312 нафари оғир, 92 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етди

"Korean & Migrations" фирмасидан алданганлар намойиши. 12 октябрь, Мустақиллик майдони.

Ўзбекистонда рўйхатга олинган 103та хусусий бандлик агентлигидан 50тасининг лицензияси бекор қилинди.


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг билдиришича, 13-14 октябрь кунлари “Adiba travel and work” ва “Good Work” хусусий бандлик агентликларига берилган лицензия ҳам бекор қилинган. Бу билан 18 октябрь ҳолатига кўра, сўнгги 18 ой ичида лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етди.


Вазирликнинг маълум қилишича, бугунги кунда хусусий бандлик агентликлари реестрига киритилган 103та агентликдан фақат 25таси лицензияга эга.


Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил 15 октябрда рухсат берилган эди. Ўшандан бери ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш ваъдасини бериб, улардан йиғилган миллиард сўмлаб маблағларни ўзлаштириб юборгани ортидан қатор агентликларга нисбатан жиноят ишлари очилган, уларнинг раҳбарлари турли муддатларга қамалган.


Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 6 октябрь куни Озодлик мухбири билан гаплашган мулозимига кўра, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини қайта ташкил этиш режаланмоқда.


Бир ой ичида эълон қилиниши кутилаётган янги қонунга мувофиқ, эндиликда бандлик агентликлари фақат консалтинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.


Хорижга ишга жўнатиш билан эса, бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши режаланган.

Транспорт вазирлиги 19 октябрдан йўловчиларга бепул қўлқоп тарқатилишини маълум қилди

COVID-19 касаллигидан ҳимояланиш учун қўлқоп кийиб олганлар, Украина (иллюстратив сурат)

Траспорт вазрилиги Тошкент шаҳар жамоат транспортида йўловчиларга қўлқоп бепул тақдим этилишини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, 19 октябрдан Тошкент шаҳар жамоат транспорти - автобус, метро, йўналишли такси хизматидан фойдаланганда йўловчилар тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш шарт қилинган.

"Бунда ташувчилар томонидан жамоат транспорти йўловчиларига қўлқоплар бепул тақдим этилади. Йўловчилар метро станцияларига киришда, автобус ҳамда микроавтобусга чиқиш вақтида касса ходимлари, кондуктор ва ҳайдовчилардан қўлқопларни олишлари мумкин", деб хабар қилди вазирлик.

Транспорт вазирлиги шу йилнинг 17 октябрь кунги баёнотида, транспортда қўлқопсиз юрганларни аниқлаш учун рейдлар ташкил қилинишидан огоҳлантирган.

Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳри аҳолиси учун жамоат траспортида тақдим қилинадиган бепул қўлқоплар қайси манбадан, неча пулга олиниши ва "ташувчилар"га жами қанчага тушиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.

Тошкент дорихоналари ва бозорларида полиэтилеэн ва резина қўлқоплар бир донасининг нархи 1000 сўмдан 5000 сўмгача сотилмоқда.

Ҳозирча, Транспорт вазирлиги жорий этган бу тартиб борасида Ўзбекистонда COVID-19 касаллиги билан боғлиқ вазиятни бошқариб келаётган Махсус коммисия қарори жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Олий таълим муассасаларида анъанавий таълимга рухсат берилади

Кириш имтиҳонлари пайтида, ҳарорати ўлчаниб киритилаётган абитуриент, сентябрь, 2020 (иллюстратив сурат)

17 октябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган видеоселектор бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабар қилишича, вазир ўринбосари Узоқбой Бегимқулов олий таълим муассасаларида (ОТМ) масофавий таълим мониторинги натижалари тўғрисида, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида маълумот берган.

Муҳокамаларда анъанавий таълимга қайтиш имкониятлари кўриб чиқилган ва ректорларга вазифалар топширилган.

Маълум қилинишича, аввало анъанавий дарсга қайтиш бўйича талаба ва ота-оналари ўртасида сўров ўтказилади. Шунингдек, ОТМ имконияти ва санитария-эпидемиология талабларини бажара олиш қурби кўриб чиқилади.

Бу борада якуний қарор, эса санитария-эпидемиология органи хулосаси асосида қабул қилинади.

Айни пайтда, мамлакатда мавжуд жами 125 та ОТМ талабалари масофавий таълим олмоқда.

Шакар дунё бўйлаб 5 фоизга арзонлади, Ўзбекистонда 23 фоизга қимматлади

Охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортган. Шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, Ўзбекистонда 23 фоизга қимматлаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан 16 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилгани тўғрисида давлат раҳбари расмий сайти хабар қилди.

Йиғилишда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилингани хабар қилинди.

– Бугундан барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз, – деган Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида вилоятлар ҳокимлари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан ойма-ой узлуксиз таъминлаш режалари юзасидан ҳисобот берди, дейилган расмий хабарда.

Истанбулдаги консулхона Туркияга отланган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Истанбул аэропорти.

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияга турли мақсадларда келишни режалаштираётган фуқароларга “CОВИД-19” билан эҳтимолий касалланиш хавфини инобатга олиб, тиббий суғурта полисини сотиб олишни тавсия қилди.

Консулхона, шунингдек, суғурта шартномасига “ПЗР тестининг натижаси салбий бўлишига қарамай, суғурталанувчи “CОВИД-19” ташувчиси билан мулоқотда бўлганлик сабабли мажбурий карантинда қолишига тўғри келса, тегишли харажатларни қоплаш” тўғрисидаги бандни киритиш;
суғурта агентлигидан коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатида амалга ошириладиган зарур ҳаракатлар алгоритмини билиб олишни тавсия қилди.

Истанбулдаги Бош консулхона баёнотида жорий йил сентябрида “Тошкент-Истанбул-Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам рейслар тиклангандан сўнг, ўзбекистонликларнинг Туркияга келиши сезиларли даражада ошгани қайд этилган.

Консулхона Туркияда бўлганларга Ўзбекистонга қайтаётганда 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда топширилган ПЗР-тест таҳлили талаб этилишини эслатар экан, баъзи фуқароларда ушбу тестларнинг натижаси ижобий чиқаётганини қайд этган.

"Туркиядаги тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг баёнларига мувофиқ “CОВИД-19” суғуртасига эга чет эл фуқаролари касалланиб қолганда давлат ташкилотларида бепул даволанишлари мумкин. Шунингдек, касалликни енгил ўтказаётган туристларнинг 10-14 кунлик карантин муддатини меҳмонхона махсус хонасида ўтказишлари ва бунинг учун кетган харажатлар ҳам суғурта ҳисобидан қопланиши белгиланган", дейилган баёнотда.

ФВВ ўтган куз-қиш мавсумида неча киши ис газидан ҳалок бўлганини очиқлади

2019/2020 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида республикада 6 805та ёнғин содир бўлиб, оқибатда 82 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 139 киши куйиш тан жароҳатини олган.

Бу ҳақда 16 октябрда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган анжуманда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийлари баёнот бергани тўғрисида кун.уз сайти хабар қилди.

Вазирлик расмийларига кўра, ёнғинлардан кўрилган моддий зарар 50 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5 986таси, яъни 88 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келган.

Матбуот анжуманида 55 ҳолатда ис газидан заҳарланиш қайд этилгани, б, уларда 75 киши жабрлангани ва 73 киши вафот этган айтилган.

Ўзбекистонда йиллардан буён электр қуввати ва бошқа энергия манбалари тақчиллиги кузатилади.

Абдулазиз Комилов: 20 йил мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига эътибор берилмаган эди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

"БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 20 йил давомида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистонга нисбатан энг танқидий ташкилот бўлган. Шунга қарамасдан, шу кенгашга аъзо бўлишга ҳаракат қилдик", деб баёнот берди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

17 октябрда Халқаро пресс-клубда (Тошкент шаҳри) "Ўзбекистон — БМТ: муҳим ташаббуслар ва ҳамкорлик натижалари" мавзуида ўтказилган анжуманда қилган чиқиши чоғида Абдулазиз Комилов, жумладан, бундай деган:

"3 йил олдин вазият мутлақо бошқа эди. Инсон ҳуқуқлари йўналишида олдимизда турган муаммолар нималардан иборат эди? Авваламбор, турли халқаро ташкилотларда, катта давлатлар, халқаро марказларда қандайдир муносабат туғилдики, Ўзбекистон ҳеч қачон ислоҳ қилинмайдиган давлат, жамият. Нега деганда мана шу ислоҳотларни уч йил олдин бошлаган бўлсак, ундан олдин 20 йил мобайнида биз ҳеч қачон бу ташкилотлар билан шундай яқин ишламаган эдик ва инсон ҳуқуқларига етарли эътибор берилмаган эди".

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 13 октябрда ўтказилган Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланди.

Ташқи ишлар вазирлигига қарашли "Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди. Кенгаш 15та давлат вакилларидан иборат бўлади.

БМТ Янгиликлар маркази маълумотига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Боливия, Хитой, Кот-д'Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия. Сенегал, Украина, Ўзбекистон ва Буюк Британия кегашда фаолият олиб боради.

БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та дават аъзодир. Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Тошкентда жамоат транспортидаги йўловчиларга қўлқоп тақиб юриш ҳам мажбурий бўлади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 19 октябридан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчилардан ниқоб тақиб юришдан ташқари тиббий қўлқопда бўлиш ҳам қатъиян талаб қилина бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик мазкур қарор бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида қабул қилинганини билдирган.

Хабарномада шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг санитария қоидалари ва белгиланган карантин талабларига қатъий амал қилишларини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилиши қайд этилган.

Самарқандда "Ипак йўли" туризм университетининг расмий очилиш маросими ўтказилди

Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм университети биноси.

Самарқанд шаҳрида 16 октябрь куни "Ипак йўли" халқаро туризм университетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 28 июндаги қарори билан ташкил этилган мазкур университети Марказий Осиёда туризм соҳасидаги биринчи университет бўлиб ҳисобланади.

ОТМнинг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А. Абдуҳакимов ва бошқа расмийлар иштирок этишган.

"Ипак йўли" халқаро туризм университети расман бугун очилган бўлса-да, мазкур ОТМда ўқиш аллақачон бошланган. Мазкур университетга ўзбек ва рус тилларида имтиҳон топшириб кирган талабалар ўтган йил октябридан бошлаб ëппасига инглиз тили гуруҳларига кўчирилгани ҳақида аввалроқ Озодликка шикоят қилган эдилар.

Ўзбекистоннинг 11 вилоятида кучсиз ер силкиниши қайд этилди

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Тошкент вақти билан 15:10 да Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, зилзила маркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 554 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши Ўзбекистоннинг Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сезилиб, унинг кучи 11 вилоятда ҳам 2 баллга тенг бўлган.

Андижонда қийноқ қурбони Абдукаримов ўлими билан боғлиқ тергов ниҳоясига етди

32 ёшли А. Абдукаримов Андижон ички ишлар ходимлари қийноғи ортидан жон таслим қилган эди.

Андижонда шаҳар ИИБси ходимлари томонидан қийноққа солингани оқибатида ҳаётдан кўз юмган 32 ёшли А. Абдукаримов ўлими билан боғлиқ жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунига етган ва иш айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судига мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. Бу ҳақда Xabar.uz нашри Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 104, 206, 227, 234 ва 235-моддалари билан айблов эълон қилиниб, 5 нафарига “қамоққа олиш” ва 1 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Шу йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага олиб келинган А.Абдукаримов ​11 июнь куни оламдан ўтгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Мазкур ҳодиса ҳақида июнь ойи охирида ҳатто Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам эслатиб, ички ишлар идораларидаги қийноқларни кескин танқид қилганди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси сўнгги уч ойда 2,7 млн долларлик транспорт сотиб олди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси август-октябрь ойларида 28,3 миллиард сўмлик (бугунги курс билан 2 миллион 730 минг доллардан кўпроқ) транспорт воситаларини харид қилган. Бу ҳақда Газета.uz нашри Давлат харидлари портали маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ИИВ ЙҲХББ 4 та Malibu-2 машинасининг ҳар бирини 324 миллион 45 минг сўмдан (жами 1 миллиард 297 миллион сўм) харид қилган. Бошқарма, шунингдек, 2-позицияли Malibu-2 моделидан 13 тани 311 миллион сўмдан қимматроққа (жами 4 млрд 44 млн сўм) харид қилган.

Бундан ташқари, ЙҲХББ автопаркига қуйидаги автомашиналар қўшилган:

Equinox-AT — 30 та (1; 2) — жами 10 миллиард 470 миллион сўм;

Cobalt GS/16MTB — 40 та (1; 2) — жами 3 миллиард 83 миллион сўм;

Lacetti L-Comfort Plus — 26 та (1; 2) — жами 3 миллиард сўмдан ортиқ;

Автобус SAZ HC — 14 та — жами 4 миллиард 550 миллион сўм;

Malibu-2 MALBDB2TL (LTZ) — 3 та (1; 2; 3) — жами 973 миллион сўм;

Malibu-2 MALBDB2TL (2 позиция, турбо) — 14 та (1; 2) — жами 4 миллиард 355 миллион сўм;

Volkswagen Caddy (Trendline) — 2 та — жами 443,8 миллион сўм;

Lacetti L-Elegant/AT Plus — 2 та (1; 2) — жами 276,2 миллион сўм;

JAC пикапи — 2 та — жами 449,2 миллион сўм.

Аввалроқ Озодлик жорий йилнинг ўтган 9 ойи ичида Ўзбекистонда 4294 та ЙТҲ содир бўлгани, оқибатда 1293 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар қилган.

Президент ўтказган селекторда ер сотган ҳоким ўринбосарлари ҳақида маълумот берилди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрда ўтказган селекторда пора олаётганда ушланган ҳоким ўринбосарлари ҳақида маълумот берилди.


Президент матбуот хизматининг билдиришича, Қибрай тумани ҳокими ўринбосари 35 минг, Тошкент ҳокимлиги қошидаги бошқарма бошлиғи 1 миллион 400 минг, Марҳамат тумани ҳокими ёрдамчиси 29 минг, Бувайда ҳокими ўринбосари 20 минг доллар олаётганда ушланган.


«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, юқорида номи айтилган мансабдорлар тадбиркорларга ер майдонларини расмийлаштириб бериш учун пора талаб қилган.


Телеканал Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари А.Тўймачов, Кадастр бўлими бошлиғи И.Қорабоев билан биргаликда 18 март куни Оққўрғон туманида жойлашган 1,5 га ер майдонини 1500 АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинганини қўшимча қилди.


Бундан тақшари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари З.Мирзаходжаев октябрь ойида Бўстонлиқ туманида жойлашган 5 сотих ер майдонини 25 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Бухорода 7 ёшли қизалоққа мунтазам қийноқ қўллаганларга “озодликни чеклаш” жазоси берилди

Иллюстратив сурат.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди эр-хотин энагани 7 ёшли қизалоқни тўрт ой давомида қийноққа солиб келганликда айбдор деб топди ва уларга “озодликни чеклаш жазоси”ни тайинлади. Бу ҳақда “Дарё” нашри жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Акбар Жабборовга таянган ҳолда хабар берди.


Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида яшовчи Назира (барча исмлар ўзгартирилган) 2019 йилнинг сентябрь ойида Россияга ишлаш учун кетган. У қизлари - 7 ёшли Шаҳноза ва 1 ёшли Комилани дугонаси Барно ва унинг эри Марат қарамоғига қолдириб кетади. Бунинг учун Назира уларга ойига 200 доллардан ҳақ тўлашини айтади.


Бироқ болаларнинг онасидан келишилган миқдордаги хизмат ҳақини ўз вақтида ололмагани учун энагалар 7 ёшли Шаҳнозани қасддан қийноққа солиб келган.


Марат ва Барно дастлаб вояга етмаган болаларни ура бошлаган. Кейинчалик бу уриш, тепкилаш ва камситишлар одатий ҳолга айланган.


«Эр-хотин энагалар шу қадар инсонийлик қиёфасини йўқотганки, болаларни Бухоро шаҳридаги ҳовлиларнинг бирига олиб бориб, 7 ёшли қизалоққа тазйиқ ўтказган. Уни жисмоний қийноққа солиб, қизнинг юзи, қўллари ва баданининг бошқа қисмларига қаттиқ жисмлар билан аямасдан урган. Ошхонадаги газга қошиқ ва капгирни қиздириб, қизалоқнинг юзи, қўллари ва баданига ёпиштирган. Оғриқдан бақирган қизни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаб, унинг оғзини латта билан боғлаган ва қийноққа солишда давом этган», — деб иқтибос келтирди нашр суд раиси Акбар Жабборов сўзларидан.


Судда таъкидланишича, энага Барно жиноий ҳаракатларини давом эттириб, совуқ ҳавода қизалоқни ҳовли ўртасидаги дарахтга боғлаб қўядиган одат чиқарган. Унинг устидан совуқ сув тўкиб, томоша қилган. Қизалоқ азобларга чидолмай, бақириб йиғлаган пайтда оловда қиздирилган чойнак билан унинг билакларини, жағ соҳаси, ияги ва қулоғи атрофларини куйдирган.

Марат эса ошхона пичоғи билан қизалоқнинг қорин соҳасини кесиб, тан жароҳати етказган.


Шундан сўнг эр-хотин қизалоқни онаси яшайдиган кўп қаватли уйнинг зинапоясидан итариб юборган. Қизалоқнинг овозини эшитган қўшни қизалоқни кўриб қолиб, уни шифохонага олиб борган. Воқеадан хабар топган она бу гапларга ишонмаган, аммо қўшниси қизалоқнинг суратларини унга жўнатгач, она Россиядан уйига келган.


«Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали хулосасига кўра, вояга етмаган Шаҳнозага чап елка суяги пастки қисмининг тепача орқали синиши ва қўл синиши ташхиси қўйилган.

Бундан ташқари, олиб борилган суд-тергов ишлари жараёнида эр-хотин энагалар қизга нисбатан бош мия чайқалиши билан давом этган ияк, чап томон пастки жағ, юқори ва пастки лаб шиллиқ қаватларидаги шилинмалар, ўнг билак кўкрак орқа ва олд юзасидаги, чап курак, бел соҳасидаги шилинмалар, ўнг қўл кафт орқа юзасидаги куйиш кўкрак олд юзасидаги яра каби соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган тан жароҳатлари етказгани, вояга етмаган шахсни қийнаш жиноятини содир қилганига аниқлик киритилган»,-дейилади хабарда.


Суд эр-хотин энагаларни Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айблаб, 110-модда 2-қисмининг «а» банди (қийнаш) санкцияси доирасида уларга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Коронавирус: Вафот этганлар камида 518 киши-cўнгги кунларда ўлганларнинг ким ва қаерданлиги номаълум

15 октябрь куни 316 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 334 нафар бемор тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 16 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан қазо қилганлар сони камида 518 кишига етди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрдан бери вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда.

Шунингдек, коронавирус ҳолати бўйича кундалик жадвалдан вафот этганлар сони ва уларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотлар ҳам олиб ташланди.


Вазирлик 21 сентябрь куни эълон қилган жадвалда вафот этганлар сони 438 киши деб қайд этилган эди. Улардан 305 нафари Тошкент шаҳрида, 67 нафари Тошкент вилоятида даволанган беморлардир.


Вазирликнинг билдиришича, 15 октябрь куни 316 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 334 нафар бемор тузалди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 62371 нафар бемордан 59 429 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 424 нафар бемордан 316 нафари оғир, 99 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG