Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йил 28 мартидан уч йўналиш бўйича маҳаллий қатновлар амалга оширилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, ой охиридан Самарқанд – Фарғона – Самарқанд, Самарқанд – Урганч – Самарқанд, Самарқанд – Наманган – Самарқанд йўналишлари бўйлаб кундалик қатновлар йўлга қўйилади.
Аввалроқ Озодлик 11 февралдан эътиборан Урганч – Фарғона – Урганч йўналиши бўйлаб мунтазам авиақатнов йўлга қўйилгани ҳақида хабар қилган.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 февралида “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган, фармон билан ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида бир ой ичида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш, 2021 йил 1 апрелига қадар эса Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўриш топширилганди.