Uzbekistan Airways Тель-Авивга рейсни бекор қилди

Uzbekistan Airways учоғи (иллюстратив сурат)

Uzbekistan Airways “Тошкент - Тел-Авив” йўналиши бўйлаб 15 апрелга режаланган рейсини бекор қилди. Авиаширкат матбуот хизмати мазкур қарор “Яқин Шарқ мамлакатларининг бир қисми устидан ҳаво ҳудудининг ёпилиши”ни ва “Ўзбекистон Республикаси авиация ҳукуматининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан боғлиқ қарорини ҳисобга олган ҳолда” қабул қилинганини билдирган.

Uzbekistan Airways хабарномаси мазмунидан келиб чиқилса, рейсни бекор қилиш қарори фақат 15 апрель учун олинган. Авиаширкат бу куни амалга оширилиши режаланган HY301/302 авиақатнови авиачипталарини қайта брон қилиш ёки пул маблағларини жарима ундирилмаган ҳолда қайтариш учун йўловчилардан Uzbekistan Airways Sales филиалига ёки авиакомпаниянинг хориждаги ваколатхоналарига мурожаат қилишни сўраган.

Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроил томонга 300 чоғли дрон ва ракеталар учиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Эрон ҳужуми бошланганидан кейин Исроил ўз ҳаво ҳудудини вақтинча ёпиш ҳақида қарор қабул қилган. Бироқ, Исроилдаги Ynet ва Haaretz нашрларининг ёзишича, ҳаво ҳудуди 7 соат ёпиқ тургани ортидан Тель-Авив аэропорти раҳбарияти унинг қайта очилганини эълон қилган.

Ҳужум уюштирилган тунда Исроилга қўшни бўлган Яқин Шарқдаги бир қанча ўлка ҳам ўз ҳаво ҳудудларини ёпган эди. Улар орасида Ироқ, Иордания ва Ливан каби мамлакатлар бор. Ракета ва дрон ҳужумларидан сўнг бу мамлакатлар ҳам ўз ҳаво ҳудудларини очганлари айтилмоқда.