Барча партиядан фаоллар Мирзиëев тарғиботи билан шуғулланмоқда

Халқ Демократик партияси ва Миллий тикланиш партиясининг Фарғона ва Жиззах вилоят бўлими фаоллари ўз партияси номзодлари қолиб Шавкат Мирзиëев номзоди тарғиботи билан шуғулланаëтгани кузатилди. Бу ҳақда Тошкент ва Фарғонадаги Озодлик манбалари маълум қилди. Уларга кўра¸ ХДП ва Миллий Тикланиш фаоллари уйма-уй юриб президентликка номзод Шавкат Мирзиëевнинг сайлов олди дастури ëзилган буклет ва компакт дискларини тарқатмоқда. Озодлик бундай холатлар республиканинг бошқа туманларида ҳам мавжудлигини аниқлади.

Тошкентнинг Қоратош маҳалласида яшовчи Озодлик манбасининг айтишича¸ Халқ Демократик партияси Тошкент шаҳар бўлими фаоллари Шавкат Мирзиëевнинг сайлов олди дастури ëзилган буклет ва компакт дискларини бериб кетишган:

- Мен уларни ХДП фаоли сифатида танирдим. Рассом бўлганим учун ўша одам ëрдамида ХДП офисини безаб берган эдим. У киши Шавкат Мирзиëев плакатлари¸брашюра ва компакт дискларни менга бериб¸ шуларни маҳаллага тарқатишимни илтимос қилди. Мен ундан нега бир партияда туриб бошқа партияни реклама қилаяпсан десам¸ мақсадимиз бирку ахир деди. Мен барибир буни тушунмадим¸ дейди манба.

Озодлик бу ҳабар ортидан ХДП нинг Тошкент шаҳар сайлов штаби билан боғланди. Сайлов штабидаги ўзини таништирмаган мулозим ўз фаолларининг ишхонасидан шундай топшириқ олганини айтди:

- Буларни биздан ташқари ишлайдиган ишхоналари бор. Ўша жойдаги раҳбарлари тарқат деб илтимос қилган бўлса тарқатган. Буни муаммоли жойи йўқ¸ дейди аслида Ҳатам Кетмоновни тарғиб қилиши керак бўлган мулозим.

Озодликнинг Фарғона вилоятидаги манбаси эса Миллий Тикланиш партияси фаолларининг туманма-туман юриб Шавкат Мирзиёевга овоз бериш тарғиботини олиб бораëтганлигини айтади:

- Миллий тикланиш партияси сайлов штабида ишлайдиган ўқитувчи аëл бизни туманга келиб Шавкат Мирзиëевга овоз беринглар деб подаркалар тарқатди. Олдин у аëл бошқа бир йиғилишда Сарвар Отамуродовга овоз беринглар деб юрган эди. Мен у аëлни олдига бориб сиз Миллий тикланиш аъзосимиз десам ҳа деди. Унда нега бошқа номзодни тарғиб қилаяпсиз десам тепадан шундай буйруқ бўлганини айтди¸ дея таъкидлайди манба.

Озодликнинг Фарғона вилоят ҳокимлигидаги яна бир манбаси бу ҳолатни тасдиқлаб¸ махсус сайлов автобуслари туманларда тушунтириш ишларига жалб қилингани таъкидлади:

- Тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Раҳбаримиз Шавкат Миромоновичнинг сиëсатини тушунтиряпмиз. Тушунтириш ишларига ўқитувчилар¸ врач ва зиëлилар жалб қилинган. Уларнинг орасида турли партия вакиллари бор. Аммо мақсадимиз бир¸ дейди манба.

Мирзиëев ўсиб улғайган Жиззахнинг Зомин туманида эса Адолат социал –демократик партияси фаоллари Шавкат Мирзиëевга овоз бериш тарғиботига сафарбар қилингани маълум бўлди.

Озодлининг фарғонадаги манбасининг айтишича¸ кўпчилик фаоллар кўп партиявийлик тамойилини тушунишмайди:

- Улар зехнида сиëсий рақобат ва ўз партияси учун курашиш деган нарса йўқ. Улар нима қилаëтганликларини билмасдан бошлиқлар буйруғини бажаришади¸ дейди манба.

Айни пайтда бошқа партия вакилларининг самимий истак билан Мирзиëевга овоз беришга чоғлангани ҳақида ҳам маълумот бор.

Ўзбекистонлик шоира¸ Миллий Тикланиш партияси аъзоси Саломат Вафо 18 сентябр куни “Мен ўзбек зиёлиларининг вакили ва "Миллий тикланиш" партиясининг аъзоси сифатида партиямиздан кўрсатилган номзод Сарвар Отамуродовга овоз бераман” дея ëзган бўлса 21 ноябр куни фикри ўзгарганини айтади.

Саломат Вафо ўзининг 21 ноябр куни ижтимоий тармоқда эълон қилган видеомурожаатида Шавкат Мирзиëевга овоз беришини айтади.

Озодлик билан суҳбатда Саломат Вафо нега “Миллий тикланиш” партияси аъзоси бўла туриб ўзга партия номзоди Шавкат Мирзиëевга овоз бераëтгани сабабини тушунтирди.

- Бу менинг танловим. Шавкат Мирзиëев улуғ ëзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов номини қайта тиклайман деганидан кейин мен фикримни ўзгартириб Отамуротовга эмас¸ Мирзиëевга овоз беришга қарор қилдим дейди Саломат Вафо.

Ўзбекистоннинг замонавий тарихида бир партия вакилларининг бошқа номзодга овоз бериши янгилик эмас.

2000 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида Ўзбекистон президентлигига ХДП дан номзод бўлган Абдуҳафиз Жалолов телекамералар олдида намойишкорона чиқиш қилиб ўз овозини Ислом Каримовга беришини билдирган эди.