Bloomberg: Пригожин “Вагнер”ни Украинадан олиб чиқмоқчи

Краснодардаги "Вагнер" жангчилари қабристони.

«Вагнер» хусусий ҳарбий ширкатининг асосчиси Евгений Пригожин ёлланма аскарларни Украинадаги урушдан олиб чиқмоқчи ва ўз фаолиятини асосан Африка минтақасида давом эттирмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg ўз ишончли манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Агентлик манбалари олий лавозимлардаги рус сиёсатчилари ва ҳарбийлари Пригожинни ўзларига таҳдид сифатида қабул қила бошлаганини айтган. “Вагнер” Украина урушида қурол ва ўқ-дори етишмовчилигига дучор этилмоқда. Шунингдек, Пригожинга қамоқхоналардан маҳкумларни ёллаш тақиқланганидан сўнг, “Вагнер”да жангчилар етишмаслиги ҳам кузатилмоқда.

Bloomberg манбалари ҳарбийлар президент Владимир Путинга “Вагнер”нинг жанговар салоҳияти шубҳали экани тўғрисидаги маълумотларни етказгани ҳақида ҳам гапирган.

Пригожин «Вагнер»ни Украина урушидан олиб чиқиб, Африкага жўнатиши тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд эмас. Айни пайтда «Вагнер» Украина урушига олти ойга, Африкада хизмат қилиш учун эса 9-14 ойга аскар ёллаётгани тўғрисидаги рекламаларни кўриш мумкин.

Путинга яқин бўлган миллиардер Пригожин мазкур хабарни рад этди. «Биз мамлакатга токи керак эканмиз, Украина ҳудудида жанг қилишда давом этамиз», деди у.

“Вагнер” ёлланма аскарлари Украинада, Сурияда ва Африка давлатларидаги жангларда қатнашган ва қатнашмоқда. “Вагнер” чилар қатор ҳарбий жиноятларда ҳам айбланган.

27 январда АҚШ “Вагнер”ни трансмиллий жиноий ташкилотлар рўйхатига киритган. Айрим давлатларда “Вагнер” террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Бунга қадар “Вагнер” Россия қамоқларида ётган маҳкумларни, жумладан, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб қамалганларни ўз сафига ёллагани тўғрисида хабарлар берилган. “Вагнер”га ёлланган маҳкумлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.