Озарбайжон ҳарбийлари Лочин назорат ўтказиш пунктида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукуматининг собиқ раиси Рубен Варданянни Арманистонга ўтиб кетмоқчи бўлганида қўлга олди. Бу ҳақда РБКга унинг хотини Вероника Зонабенд хабар берди.
APA агентлигининг Озарбайжон Давлат чегара хизматига таяниб ёзишича, Варданян 27 сентябрда ушланган.
“У Давлат чегара хизматининг махсус тезкор кучлари ходимлари кузатуви остида Боку шаҳрига олиб келинган. Ушланган шахс тегишли давлат органларига унга нисбатан қарор чиқарилиши учун топширилди”, деб ёзди APA.
Рубен Варданян Ереванда туғилган. У Россиядаги "Тройка Диалог" инвестиция ширкатининг асосчиси. 2011 йилда бу ширкатни Сбербанк сотиб олган. У хотини билан биргаликда Арманистоннинг Дилижон шаҳрида Ягона дунё коллежлари тизимига асос солган. Ереванда унинг “Арманистонни ривожлантириш ташаббуслари” фонди фаолият юритади. 2021 йилда Forbes унинг бойлигини бир миллиард долларга баҳолаган.
2022 йилнинг сентябрида Рубен Варданян Россия фуқаролигидан воз кечган ва Тоғли Қорабоққа кўчиб ўтган. У 2022 йилнинг ноябридан 2023 йилнинг февралигача тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукуматини бошқарган.
Озарбайжон ҳарбийлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати собиқ раисини қўлга олди
Рубен Варданян 2022 йилда Россия фуқаролигидан воз кечган.