АҚШ фуқаролик атом энергияси технологиялари ҳамда муҳим фойдали қазилмалар йўналишида сармоя киритиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагида.
Давлат департаменти матбуот хизмати қайдича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг ўтган ҳафта бўлиб ўтган телефон мулоқотида шу масала ҳам муҳокама этилган.
Марко Рубио Бахтиёр Саидов билан суҳбатда Вашингтон Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир карра таъкидлаган.
Вашингтон, шунингдек, Тошкентга ноқонуний миграцияга чек қўйиш ва терроризмга қарши курашдаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирган.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада “икки ва кўп томонлама алоқаларнинг муҳим мавзулари” муҳокама қилингани билдирилгани ҳолда, атом энергияси технологиялари ҳамда муҳим фойдали қазилмалар масалалари кўтарилгани очиқланмаган эди.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон 2024 йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилояти ҳудудида барпо этилади.
Ўзбекистон Россия билан биргаликда КҚАЭС қуришга киришаётгани маҳаллий фаолларнинг эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик бу лойиҳа Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотир билдирган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ҳам Ўзбекистон ҳукуматини АЭС қурилишида техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирганди.