Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель билан телефон орқали мулоқот чоғида Афғонистондаги бугунги вазиятни муҳокама қилган. ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мулоқот жорий йилнинг 19 октябрида бўлиб ўтган.
“Европа томони Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга кўмаклашиш ҳамда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирларини юқори баҳолади”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Дипломатлар музокараси чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ва “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” шаклида бўлиб ўтадиган тадбирлар юзасидан фикр алмашилган.