Вазирлик: Талаба ва ўқувчиларнинг қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди

Тошкент давлат техника университети биноси

Ўзбекистонда олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, мазкур қарор “2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида” қабул қилинган.

Мутасаддиларга кўра, қишки таътил даврида, яъни 24 январгача олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида олий таълим муассасалари ректорлари ҳамкорлигида онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал викториналар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Вазирлик талаба-ўқувчиларга таътилдан сўнг уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилгани, 11 январгача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари ҳам бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилишини қўшимча қилган.

Ўзбекистонда ОТМ талабалари ва лицей ўқувчилари ўтган йилнинг 25 декабридан қишки таътилга чиқарилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Уларнинг шу йил 11 январидан ўқишга қайтиши кутилаётган эди.

Талабаларнинг қишки таътили муддати узайтирилиши қўшни Қозоғистонда кузатилаётган нотинчликлар билан қанчалик боғлиқ ёки эмас – бу борада вазирлик хабарномасида ҳеч нарса дейилмаган.