Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов президент фармони билан ишдан олинди. Президент матбуот хизмати қайдича, Норов ўз лавозимидан “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” бўшатилган.
Президентнинг бошқа бир фармони билан Бахтиёр Саидов ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. ТИВ раҳбари этиб тайинлангунига қадар у халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Владимир Норов Ташқи ишлар вазирлигини аввалги вазир Абдулазиз Комилов ишдан кетган 2022 йил апрелидан буён бошқариб келаётган эди.
А. Комилов истеъфосини Озодликнинг Тошкентдаги манбалари ўшанда унинг 17 март куни Ўзбекистон Сенатида Украинадаги вазият юзасидан берган баёноти билан боғлашган. Вазир Комилов ўша баёнотида Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаган эди.
Абдулазиз Комиловдан ваколатларни ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида қабул қилиб олган В. Норов жорий йилнинг 9 сентябрь куни ташқи ишлар вазири лавозимига расман тайинланганди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Норов бош дипломатлик лавозимида бор-йўғи 3 ою 20 кун ишлаган, дея хулоса қилиш мумкин.