Венгрияда Ўзбекистон элчихонаси очилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов (ўнгда) ва Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто элчихонанинг очилиш маросимида. ТИВ матбуот хизмати фотосурати.

Венгрия пойтахти Будапештда 27 март куни Ўзбекистон элчихонаси очилгани тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. Очилиш маросимида ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто иштирок этган.

Бахтиёр Саидов тадбирда сўзлаган нутқида “Венгрия билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани”ни таъкидлади.

Бунгача Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Венгриядаги элчи мақомида ҳам бўлган. Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2016 йилда очилган эди.

Сўнгги йилларда президент Мирзиёев маъмурияти Европа давлатлари орасида Венгрия билан муносабатларни кенгроқ ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон президентининг ўтган йилнинг 3-4 октябрдаги Венгрияга ташрифи доирасида томонлар ўртасида 16 та шартнома, жумладан, ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастури имзоланган.

2022 йилнинг 12 декабрида эса Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ипотека банкидаги давлат улуши Венгриянинг OTP банкига сотилган. Шартнома имзоланишидан олдинроқ 12 декабрь куни президент Мирзиёев ОТР банки раҳбари Шандор Cзанйи билан учрашган эди.