WP: Эрон Россияда ҳарбий дрон ишлаб чиқаришни бошлайди

“Шаҳед-136” дронлари

Москва Теҳрон билан Россияда Эрон жанговар дронларини ишлаб чиқариш ҳақида келишувга эришган. Бу ҳақда The Washington Post газетаси АҚШ ва иттифоқчилари разведка маълумотларидан хабардор уч манба сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, мазкур келишувга ноябрь ойи бошида Теҳронда эришилган. У ерда Россия томонидан мудофаа саноати вакиллари иштирок этган. Газетанинг ёзишича, дрон ишлаб чиқариш “бир неча ой” мобайнида йўлга қўйилиши мумкин.

Россия армияси август ойидан буён Украинага қарши Эронда ишлаб чиқарилган 400 тагача дрондан фойдаланган, дея хабар қилган The Washington Post. Бироқ Россияга Эрон аслаҳалари етказиб берилаётганини Москва ҳам, Теҳрон ҳам инкор қилмоқда. Шунга қарамай, АҚШ кузда Эроннинг дрон ишлаб чиқарувчи ширкатларига қарши санкциялар жорий этган.

Теҳрон мулоҳазасича, ишлаб чиқаришнинг Россияга кўчирилиши Эронни янги санкциялардан иҳота қилиши мумкин. Бироқ бу битим эвазига Теҳрон Москвадан айнан нима олиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Журналистлар билан мулоқотда бўлган манбалардан бири Кремль Эрон режимига йўқ деганда халқаро босимни юмшатиши мумкин бўлган дипломатик ва иқтисодий дастак таклиф қилаётганини қайд этган.

Эрон дронлари парчалари устида ўтказилган тадқиқотлар уларда ғарбда ишлаб чиқарилган компонентлар кенг қўлланилаётганини кўрсатган. Санкцияларни айланиб ўтган ҳолда қўлга киритилган бу компонентларни Россия қаердан олиши маълум эмас.

Газета Россияда Эроннинг айнан қайси дронлари ишлаб чиқарилишига аниқлик киритмаган. Украинада “Шаҳед-131” ва “Шаҳед-136” камикадзе дронлари (уларга Россияда “Герань-1” ва “Герань-2” деб ном берилган) ҳамда кўп мақсадли “Муҳожир-6” дронларидан фойдаланилган.