WSJ ва Bellingcat манбалари: Абрамовичда ва украин делегациясининг икки аъзосида музокаралардан сўнг заҳарланиш аломатлари кузатилган

Роман Абрамович

Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда иштирок этаётган россиялик миллиардер Роман Абрамовичда, шунингдек украин делегациясининг икки аъзосида заҳарланиш аломатлари кузатилди. Бу ҳақда вазият билан таниш бўлган манбалар маълумотига таянган ҳолда The Wall Street Journal нашри хабар қилди.

Ушбу маълумотни Bellingcat ҳам тасдиқлади. Суриштирув гуруҳига кўра, Киевда Россия делегацияси билан музокараларда қатнашган уч киши 4 мартга ўтар кечаси кимёвий модда билан заҳарланиш аломатларини ҳис қилишган.

The Wall Street Journal ёзишича, Роман Абрамович ҳамда Украина тарафидан музокара гуруҳи аъзоси бўлмиш икки кишида қаттиқ кўз оғриғи, қўл ва юз соҳасида тери қизариши қайд этилган. Тафсилотлардан хабардор манба Абрамовичнинг бир неча соатга кўриш қобилиятини йўқотганини билдирган.

Эртасига музокара гуруҳи Киевдан Львовга, у ердан Польшага борган, сўнгра Россия томони билан музокараларни давом эттириш учун Истанбулга учган, деб ёзди нашр. У ерда Абрамович ҳамда Украина делегацияси аъзоси Рустем Умаров маҳаллий шифохоналардан бирида муолажа олганлар.

The Wall Street Journal манбаларига кўра, Абрамович билан учрашган Украина президенти Владимир Зеленский зарар кўрмаган. Бу маълумотни президентнинг матбуот котиби тасдиқлаган.

WSJ манбалари фикрича, Украина вакиллари заҳарланишни Кремлдаги баъзи кучларнинг тинчлик музокараларини барбод қилишга уриниши, деб баҳолаган. Абрамовичга яқин манба эса нашрга заҳарланиш ортида ким турганини билмаслигини айтган.

Расмий маълумотларга кўра, Россия билан Украина Беларусь ҳудудида бир неча бор юзма-юз музокара олиб боришган, сўнгра делегациялар мулоқоти видеоалоқа орқали давом этган. Галдаги юзма-юз музокаралар бугун, яъни 29 март куни Истанбул шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда. Тинчлик музокараларида Роман Абрамович ҳам қатнашаётгани айтиляпти.