Халқаро рейтинг: Марказий Осиёда Қозоғистонгина иқтисодиёти нисбатан эркин давлат

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистонгина нисбатан эркин иқтисодиётга эга. Бу ҳақда Heritage Foundation ҳар йили The Wall Street Journal билан ҳамкорликда ишлаб чиқадиган жаҳондаги иқтисодий эркинлик рейтингида маълум қилинди.

Рейтинг 12 кўрсаткич бўйича, жумладан, хусусий мулк ҳуқуқининг таъминланиши, суд самарадорлиги, солиқлар, бизнес эркинлиги, савдо, инветиция ва меҳнат бозори эркинлигини баҳолаш орқали тузилади.

Рейтинг тадқиқотчилари мана шу кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, Қозоғистонни 71-ўринга, яъни иқтисоди нисбатан эркин давлатлар қаторига жойлаган. Ҳолбуки 2021 йилдаги рейтингда Қозоғистон 34-ўринда эди.

Аввалроқ Озодлик радиоси рейтингда Ўзбекистон 109-ўринни эгалалаб, ўтган йилдагидан кўра 8 поғона кўтарилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Ўзбекистон жорий йилги рейтингда ҳам иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган давлатлар қаторидан жой олди. 2017 йилгача Ўзбекистон бу рейтингда репрессив режимлар қаторида тилга олинар эди.

Рейтинг тадқиқотчиларининг билдиришича, Ўзбекистонда 2022 йилда солиқлар 19,6 фоиздан 18,7 фоизга тушган. Бироқ бюджетнинг ўртача камомади сўнгги уч йилда 0,6 фоиздан 2,8 фоизга, давлат ҳаражатлари эса 27 фоиздан 28,9 фоизга кўпайган.

Қирғизистон 115-ўринни, Тожикистон 146-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон каби иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган давлатлар қаторидан жой олган. 161-ўринда қайд этилган Туркманистон эса репрессив иқтисодиётлар қаторидан жой олди.

Жорий рейтингда 184 давлат орасидан Сингапур, Швейцария, Ирландия ва Тайвангина эркин иқтисодиётга эга давлатлар сифатида тилга олинди.