Хитой марсюрари қўнган жойидан илк фото ва видеотасвирларни йўллади

Хитойнинг “Чжучжун” марсюраридан йўлланган илк сурат

Хитойнинг “Чжучжун” марсюрари қўнган жойидан илк фотосуратлар ва иккита қисқа видео йўллади. Улар ХХР космик агентлиги сайтида эълон қилинган.

Тасвирларда ровернинг “Қизил сайёра” атмосферасига кириш чоғида қўлланган капсулани тарк этаётганини кўриш мумкин. Қолган икки сурат аппарат турган платформадан кўринадиган манзарани, шунингдек унинг қуёш панелларини акс эттиради.

Фотосуратлар марсюрарнинг қўниш ва тўлиқ очилиш каби ўта аҳамиятли босқичлардан муваффақиятли ўтганини кўрсатади, деб ёзган Би-би-си. Роботни қувватловчи қуёш панелларидан тортиб Ер билан алоқани таъминловчи антенна ҳамда миссияни бажаришга киришиш чоғида аппарат тушиб борадиган пандусгача — барча муҳим қисмлар ишни бошлашга тайёр.

Ровер Утопия текислиги деб аталувчи ҳудудда жойлашган. Диаметри қарийб 3300 чақиримга тенг ушбу айланасимон сайҳонликда 1976 йилда Американинг “Викинг-2” марсюрари ўз миссиясини бажарганди.

Утопия текислиги аслида ботиқ бўлиб, Марс шаклланишининг илк палласида унинг йирик осмон жисми билан тўқнашуви натижасида пайдо бўлган. Бу ерда улкан муз захиралари борлиги тахмин қилинади.

Марсюрар иккита оптик ва битта мультиспектрал камера, метеостанция, тупроқ анализатори, георадар ва магнитометр билан жиҳозланган. Аппарат теварак-атрофни синчиклаб ўрганиб, эҳтимолий ҳаёт изларини топишга ҳаракат қилиб кўради.

Хитой Марсга ўз аппаратини қўндириб, узоқ муддат ишлаши учун ҳаракатга келтирган АҚШдан кейинги иккинчи мамлакат бўлди. Россия матбуоти Марсга биринчи бўлиб собиқ СССР аппарати юмшоқ қўндирилганини иддао қилади. Аммо бу фақат техник жиҳатдан тўғри, зеро 1974 йилда советларнинг “Марс-3” роверидан сигнал келиши 15 сониядаёқ тўхтаган ва аппарат бошқа алоқага чиқмаган. Шундан сўнг Совет Иттифоқи Марс дастуридан воз кечган.

АҚШ 1997 йилдан бери Марсга бешта роверини қўндирган бўлиб, улардан ҳар бири ойлаб, йиллаб ишлаган. Умуман, NASA 1976 йилдан буён Марсга 10 та ҳаракатланувчи ва мобил аппарат қўндирган, шундан фақат биттаси муваффақиятсизликка учраган.

Бугунги кунда “Қизил сайёра”да бешта робот ўз миссиясини бажармоқда. Улардан тўрттаси, шу жумладан, Марс атмосферасида парвоз қилган тарихдаги биринчи вертолёт Америкага тегишли.

ХХР марсюрари АҚШнинг ўтган асрга мансуб Spirit ва Opportunity аппаратларига ўхшаган бўлиб, яқинда “Қизил сайёра”га қўндирилган Perseverance роверига нисбатан тўрт карра енгил.

Келгуси йили Европа космик агентлиги ҳам Марсга марсюрар аппаратини жўнатмоқчи. Агентликнинг аввалги икки уриниши муваффақиятсизлик билан якунланган.