ХТВ “Сўнгги қўнғироқ”ни карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берди

Халқ таълими вазирлиги жорий йилда Ўзбекистонда мактабларни битираётган 438 мингга яқин битирувчи учун “Сўнгги қўнғироқ” тадбирини карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ХТВ 25 май куни ўтказилажак мазкур тадбирни “кўтаринки кайфиятда” ҳамда “ортиқча харажатсиз” ўтказишни тавсия қилган.

“Ота-оналар ва мактаб маъмуриятларидан ушбу тадбирни фарзандларимиз учун фақат ижобий кечинмалар билан эсланадиган қилиб, кўтаринки кайфиятда ўтказишни илтимос қиламиз. Шу билан биргаликда, жойларда турли эътирозларни олдини олиш мақсадида тадбирларни ортиқча харажатларсиз, хусусан ўқувчилар орасида оилавий шароитидаги фарқни салбий кўрсатишга сабаб бўлиши мумкин бўлган турли ҳил алоҳида кийим-кечак, безак, совғалар ва шу кабиларга катта маблағ сарфламасдан бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўтказишларини сўраймиз”, дейилган хабарномада.

Ўтган йили Ўзбекистонда “Сўнгги қўнғироқ” пандемия чекловлари важидан онлайн шаклда ўтказилганди. Бу тадбир қўшни Қирғизистонда жорий йилда ҳам онлайн ўтказилиши режаланган.