Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун синфлар ва фанлар бўйича ўзлаштиришнинг янги стандартларини жорий этяпти. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳар бир синф даражасида ўқувчилар билимини аниқ талаблар асосида белгилаш ХТВга керакли кўникмаларни ўргатадиган ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни ишлаб чиқиш имконини беради.
“Бу Ўзбекистон иқтисодиётида муваффақиятли бўлиши учун зарур бўлган танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мактаб битирувчиларини етиштириб берадиган сифатли таълим тизимини яратишнинг фундаментал элементларидан биридир”, дейилган хабарномада.
Жорий йилнинг 14 январидан 1 февралгача бўлган даврида таълим соҳасининг 60 дан ортиқ мутахассиси Халқ таълими вазирлиги ва USAID томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” билан ҳамкорликда ўтказиладиган таълим стандартларини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этади. Семинарнинг мақсади вазирлик ходимларини она тили ва математика фанларидан (1-4 синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (1-11 синфлар учун) таълим стандартларининг лойиҳасини тақриз қилишга тайёрлашдан иборат.
Хабарномада USAID Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигини ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабр ойида тўрт йиллик “Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури” нинг ижросини бошлагани қўшимча қилинган. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссиссиппи давлат университети томонидан амалга оширилади.