Ўзбекистонда жорий йил 1 июнидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.
Бу ҳақда ҳукуматнинг 4 майда қабул қилинган “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилган.
Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар авваллари Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиб келинганига эътибор қаратган.
Қайд этилишича, мазкур тартиб троллейбус ва трамвай транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун татбиқ этилмайди.