Яккабоғдаги ўқувчилар полга чўккалаб дарс ўтган мактабда мутасаддилар жазоланди

Полга ўтирган ҳолда дарс ўтаётган 39-мактаб ўқувчилари (видеодан скриншот)

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги 39-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг полга ўтириб дарс ўтаётганига оид ҳолат прокуратура вакиллари ва тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Яккабоғлик ўқувчилар полда ўтирган ҳолда дарс ўтаётгани акс этган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда ёйинланган эди.

Прокуратура ўрганишлар натижасига кўра бу ҳолатнинг юзага келишига ўқитувчилар Н.С ва О.С. ларнинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабаб бўлганини қайд этган.

“Ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 “а”-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, ўрганишлар ортидан ўқитувчилар Н.С ва О.С.лар таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

Айни пайтда текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.