Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги янги ҳамкорлик битими парафирланди

Бельгия пойтахти Брюсселда 6 июль куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим парафирланди. Битимни Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари –инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Европа томонидан эса Европа Иттифоқи Ташқи алоқалар олий вакили ўринбосари Педро Серрано имзолади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг билдиришича, янги битим 1996 йилда имзоланган амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўрнини эгаллайди. Унда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.

Амалдаги Битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Янги битимда эса бунга қўшимча равишда савдо ва унга тегишли масалалар, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалар белгилаб ўтилган.

“Янги Битим Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилди”,-дейилади расмий баёнотда.

Янги битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган ва 2022 йил июнь ойи охирида якунланган. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 раунд музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди.

Янги битимнинг парафирланиши унинг тез орада кучга киришини англатмайди. Бунинг учун Ўзбекистон зарур ҳуқуқий меъёрларни амалга киритиши шарт бўлади.