ЕИ, АҚШ ва Британия Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш бўйича халқаро гуруҳ тузишди

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш бўйича маслаҳат гуруҳи (Atrocity Crimes Advisory Group, ACA) тузилганини эълон қилишди.

Комиссия Россия ҳарбийлари томонидан Украинада содир этилган жиноятларни ҳужжатлаштириш, далилларни сақлаш ва таҳлил қилишда Украина Бош прокуратурасига кўмаклашади.

“Россия аскарлари Украинада содир этган жиноятларга оид гувоҳликлар ҳануз тўпланмоқда. Даставвал зўравонлик аҳоли тиғиз яшайдиган шаҳар ва қишлоқларни бомбалаш, ракета ва тўплар билан ўққа тутиш тарзида намоён бўлган ва бу минглаб тинч аҳоли ўлимига, фуқаровий инфратузилмалар вайрон бўлишига олиб келган”, дейилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида.

ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель “Россиянинг асоссиз ҳарбий босқини чоғида амалга оширилган ёвузликларнинг барча айбдорлари суд қилиниши ниҳоятда муҳим”лиги, “ҳарбий жиноятлар жазосиз қолиши мумкин эмас”лигини урғулаган.

Маслаҳат гуруҳининг аксар криминалист экспертлари хавфсизлик нуқтаи назаридан Польша ҳудудида бўладилар.

2022 йилнинг 23 май куни Киев суди Суми вилоятида тинч фуқарони ўлдиришда айбланган рус сержанти Вадим Шишимаринни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бу уруш бошланганидан бери Украинада суд қилинган россиялик илк аскардир.

Полтава вилояти судида ҳам икки рус ҳарбий хизматчисига оид жиноят иши кўрилмоқда: тергов маълумотига кўра, Александр Бобикин ва Александр Иванов 24 февраль куни Харьков вилоятини ўққа тутишда иштирок этишган.