ЕИ ўз ҳудудида ёши катталарнинг 70 фоизи COVID'га қарши тўлиқ эмланганини маълум қилди

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен

Европа Иттифоқи раҳбарияти ёз охиригача ўз ҳудудидаги ёши катталарнинг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш бўйича белгиланган мақсадга эришилганини билдирди.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Twitter'даги ўз саҳифаси орқали шу пайтгача ЕИга аъзо давлатларда 250 миллиондан зиёд киши эмловдан ўтганини маълум қилди. У буни “улкан муваффақият”, деб атаган.

“Бироқ биз олға қадам босишда давом этишимиз керак. Биз янада кўпроқ европаликни эмловдан ўтказишимиз зарур”, дея урғулаган Урсула фон дер Ляйен.

Мулозима бошқа давлатлар фуқаролари ҳам тез орада эмланиши лозимлигига эътибор қаратиб, Брюссель бундан буён ҳам бу борада ўз ҳамкорларини дастаклашда давом этишини айтган. Унга кўра, 2020 йил декабридан буён Европа Иттифоқи дунёдаги 130 мамлакатга 700 миллион доза вакцина экспорт қилган.

“Биз дунёнинг ҳар бир бурчагида пандемия устидан ғалаба қозонган тақдиримиздагина уни бартараф қила оламиз”, дея иқтибос келтирган Европа комиссияси раҳбари сўзларидан “Немис тўлқини”.

ЕИ мамлакатлари эмлов суръати бўйича жаҳондаги энг илғор давлатлар бўлиб ҳисобланади, ваҳоланки бу мамлакатларда ўз вақтида препаратлар танқислиги туфайли эмлов кампанияси жуда суст бошланган эди.

Бу орада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекцияси ёйилиши оқибатида яқин ойларда Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида ўлим сони кескин кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирган. ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клугенинг билдиришича, декабрь ойи бошигача 53 та давлатда коронавирусдан яна 236 минг нафаргача одам вафот этиши мумкин.

Маълумотларга кўра, пандемия бошидан бери Европа ва Марказий Осиёда инфекция туфайли 1 миллион 300 минг киши нобуд бўлган, коронавирусга чалиниш бўйича 64 миллиондан зиёд ҳолат қайд этилган.