ЕИ Россиянинг 21 авиаширкатини парвоз учун хавфли авиаташувчилар рўйхатига киритди

Европа Иттифоқи Россиянинг 21 авиаширкатини учиш учун хавфли авиаташувчилар рўйхатига киритиб, уларга ўз ҳудуди узра ва ЕИга аъзо мамлакатлар аэропортларига парвоз қилишни тақиқлади.

Мазкур қарор Россия авиаширкатлари флотининг техник ҳолатига учоқлар эгалари ва ишлаб чиқарувчилар жавоб бермаслиги билан изоҳланган.

ЕИ рўйхатида Россиянинг “Аэрофлот”, “Победа”, S7, “Россия”, “Ютейр” ва “Уральские авиалинии” дохил барча йирик авиаташувчилари бор.

Еврокомиссия хабарномасида айтилишича, Москва Россия авиаширкатларига ҳаво кемаларидан зарур халқаро сертификатларсиз фойдаланишга рухсат берган. ЕИнинг транспорт масалалари бўйича комиссари Адина Вэлян бу йўловчилар учун хавфли бўлиши мумкинлигини урғулаган.

Россия авиаширкатлари флотининг катта қисми Ғарб лизинг ширкатларига тегишли ва март ойига қадар Бермуд оролларида расмий қайд этилган учоқлардан ташкил топган. Украинада уруш бошланганидан сўнг бу учоқлар эгаларидан мусодара қилиниб, Россия қайдномасига ўтказилган ва уларга ишлаб чиқарувчилар назоратисиз техник хизмат кўрсатилмоқда.

Бу мазкур учоқларнинг халқаро бозорда қадрсизланишига олиб келди, дея таъкидлаган “Коммерсант” газетасига берган интервьюсида “Победа” авиаширкати собиқ бош директори Андрей Калмиков.

“Россия реестрига ўтиш учоқлар қийматини деярли нулга туширади. Чунки эндиликда Европа лизинг ширкатлари ва ишлаб чиқарувчилар уларга техник хизмат кўрсатишдан маҳрум”, дея изоҳ берган у.

Россия авиаширкатлари ва Россияда қайдга олинган учоқларнинг ЕИга парвозлари февраль ойида Европа томонидан жорий этилган санкциялар билан тақиқланган.