ЕКПА Россиядаги сиёсий режимни террор режими деб тан олди

ЕКПАнинг шу йил 13 октябрида ўтган мажлисидан лавҳа

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) 13 октябрь куни Украинани дастакловчи резолюцияни қабул қилди – унда Россиядаги сиёсий режим террор режими дея тан олиш кўзда тутилган. Бу ҳақда ЕКПАдаги Украина делегацияси аъзоси Алексей Гончаренко ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Россия томонидан Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар учун халқаро трибунал тузиш зарурлиги айтилган резолюция учун 100 делегатдан 99 нафари ёқлаб овоз берган, бир нафар делегат эса овоз беришдан тийилган.

Резолюцияда Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлиши учун юридик асос йўқлиги ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, Европа кенгаши илк бор тинч фуқароларни ҳимоя қилиш учун Украинага ҳавога қарши мудофаа тизимларини тақдим қилиш зарурлигини эътироф этган.

Қўшиниларининг Украинага бостириб кириши ортидан Россия шу йил 16 мартида Европа кенгашидан чиқарилган эди. Август ойида Латвия Россияни “террорчиликни дастакловчи мамлакат” деб тан олган, май ойида эса Литва парламенти Россияни “террорчиликни амалга ошираётган мамлакат” дея эътироф этган эди.